Таржима маҳорати: «Эркак» қачон «кучли жинс вакили»га айланади?

651

Тиббиётга кўпроқ урғу берадиган газета ва журналларда чоп этилаётган мақолалардаги соҳага тегишли атама ҳамда тушунчаларни, илмий атамаларни ҳамма ҳам тўлиқ тушунавермайди. Шу боис уларни муштарийларга тушунарли тилда етказиш шу соҳага ихтисослашган журналистлардан катта маҳорат ва билимни талаб этади. Соҳани яхши билган қаламкаш томонидан ёзилган маҳола ва суҳбатлар жонли, шунингдек, тушунарли бўлади.

“Аввало, «Шифо-инфо», «Ташхис», «Доктор-пресс», «Шифокор», «Дармон», «Сиҳат-саломатлик» каби бир қатор тиббий газета, журналларда чоп этилаётган маҳолалар муштарийларга маъқул бўлаётганини эътироф этиш лозим”, деб ёзади “Ҳуррият” газетаси мухбири Бобур Муҳаммадиев.

Муаллифга кўра, бу мавзуга қўл урган нашрлар бир қатор камчиликлардан холи эмас. Аввало, айрим хусусий газеталарнинг интернетда чоп этилган хорижий мақолаларни ўзларининг асосий манбаларига айлантиришгани ташвишли ҳолдир. Боз устига интернетдан олинган материалларни таржима қилиш жараёнида, оддий газетхонга тушунарли жумлалар тузишда, гапнинг маъносини англатишда кўплаб хатоликлар учрайди. “Шунингдек, руҳий маслаҳатлар берилганда менталитетимизга тўғри келмайдиган сўзлар ҳам учраётир”, дейди муаллиф.

Масалан, айрим нашрлар «эркак киши» таржимасини «кучли жинс вакиллари» дея таржима ҳилишган. Бироқ бизнинг тилда бундай ибора қўлланилмайди.

Тошкент Тиббиёт академиясининг умумий ва болалар хирургияси кафедраcи доценти, тиббиёт фанлари номзоди Алижон Зоҳидийнинг айтишича, “Шифо-инфо” газетасининг ашаддий мухлиси бўлиб, унинг ҳар бир сонини синчиклаб ўқийди. “Нетонгки, ундаги айрим маълумотлар чин маънода кулгили. Масалан, газетанинг 2013 йил 34-сонидаги 2-бетида “Қаҳва истеъмол қилган сичқон болалари қаҳва истеъмол қилмаганларига қараганда” деган жумлалар келтирилади. Интернетдан сўзма-сўз ўгирилган бу жумлалар, назаримда, “Қаҳва бериб тажриба ўтказилган сичқончалар” дейилса, тўғрироқ бўларди. Шу соннинг 5-саҳифасида “С витамини иммунитет, тўқима ва қон томирлар деворини мустаҳкамлайди” дейилган. Шунча йил тиббиётда ишлаб иммунитетда девор борлигини эшитмаган эканман. Менимча, «С витамини инсон иммунитетини ошириб…» дейилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шу соннинг 7-саҳифасида “…тўпиқ суягининг ортида, унинг орқасида…” деган жумла бор. Одам анатомиясини шунчаки ўрганган мактаб ўқувчиси ҳам бундай нотўғри жумлани ҳеч қачон ишлатмайди. Чунки одамда тўпиқ суяги бўлмайди. Ташқи тўпиқ кичик болдир суяги, ички тўпиқ эса катта болдир суяги ҳисобига пайдо бўлади.

Шунингдек, «Даракчи» газетасининг 2013 йил, 29-сонида «Базедов касаллиги» кичик ҳарф билан «базедов» тарзида ёзилган. Ваҳоланки, кашшоф номи билан аталган хасталиклар номи катта ҳарф билан бошланиши лозим. Шу сонда (36-бет) «бўқоқни даволаш учун 300 грамм чаканда (облепиха) суви чиқариб олиниб (қаердан чиҳариб олинади?) унга зайтун ёғи қўшиб, икки ҳафта салқин жойда сақлаш» маслаҳати берилади. Хўш, кейин-чи? У қанча кун, қайси дозада истеъмол қилиниши ҳақида лом-мим дейилмаган. Бундай “думи хуржунда бўлган” маслаҳатнинг кимга кераги бор? Ўша соннинг 49-саҳифасида “Эстимед уролог”нинг рекламасида шундай мурожаат қилади: “Ҳурматли аёллар! Сизни сийдик тута олмаслик безовта қиладими?”… Наҳадар ҳўпол ва хунук ёндашув! Наҳотки икки миллионга яқин сўзга эга жозибали ўзбек тилида бу хасталикни чиройли ва тушунарли сўзлар воситасида ёзиш мумкин эмас?! Яна шу соннинг 5-бетида «Спеман» дорисини реклама қила туриб, симптоматик сўзини қўпол тарзда бузиб, “симтоматик” тарзида, “п” ҳарфини таг-туги билан йўқотган ҳолда ишлатишган.

Бундай жумлалар “Бекажон” нашрининг тиббий маслаҳатларида ҳам учраб туради. Жумладан, 2013 йил 13-сонининг 42-бетида “Кальций етишмаслигининг асосий белгиларидан бири” дейилганига қарамасдан 6 та аломат санаб ўтилади. Бу қандай мантиқсизлик? Газета ходимлари она тилимиздаги «бирлик» ва «кўплик» деган тушунчалардан бехабар чоғи, 49-саҳифада “истишо” атамаси “истешо”, “уруғ тизимчаси” “уруғ тизими” тарзида бузиб ишлатилган. Шу бетда Ургутдаги “Шифо” клиникасини овоза қила туриб, “Бўйин, кўкрак ва бел остеохондрозлари” деган жумла ишлатилади. Маълумки, остеохондроз бўйин, кўкрак ва белда эмас, мазкур соҳалардаги умуртқа суяклари оралиғида бўлади.

“Суғдиёна” газетасининг 2013 йил 36-сонидаги “Томат терини ёғлардан ҳимоя қиладиган кислоталардан иборат” деган жумла эса ҳақиқатдан анча йироқ. Биринчидан, томат эмас помидор, иккинчидан, у фақат кислоталардан иборат эмас, балки таркибида маълум миқдорда кислоталар мавжуд бўлган жуда фойдали сабзавот. Учинчидан, муаллиф фикрига қараганда, тери ёғлардан ҳимояланиши лозим экан. Бу мутлақо нотўғри фикр. Ихтиоз касаллигида терида ёғ етишмайди, оҳибатда тери қуруҳлашиб ёрилади, қонталаш ҳолда кепакланиб юради. Бу газетада ҳам тиббий терминларни ишлатишда имловий хатолар етарли даражада эканини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Муаллиф имловий хатоларни аксарият газеталарда учратиш мумкинлигини ёзиб, тиббий маслаҳатлар беришда ёки тиббий тушунчаларни ўқувчига етказишда сўзларни синчиклаб текшириш зарурлигини уқтиради. “Газета чоп этишни мақсад қилганлар эса, ўз вазифаларига жиддий ва ижодий ёндашиш лозимлигини сидқидилдан ҳис ҳилишлари зарур. Токи, уларнинг газетасини ўқиган газетхон ўз соғлигини йўҳотишга эмас, тиклашга муваффақ бўлсин”, деб хулоса қилади муаллиф.

SHARE