Саудияда касал отасини шифохонага олиб бориш учун машина ҳайдаган аёл қўлга олинган

 

AFP Photo
AFP Photo

Кувайтлик аёл қандли диабет хасталигига чалинган отасини касалхонага олиб бориш мақсадида машина ҳайдагани учун Саудия Арабистонида ҳибсга олинган. Russia Today’нинг ёзишича, бу саудиялик аёллар ушбу мамлакатда машина ҳайдаш ҳуқуқини қўлга киритиш ўтказган намойишдан бир ҳафта ўтиб содир бўлган.

Kuwait Times’нинг хабар беришича, аёл Chevrolet Epica ҳайдаб кетаётган бўлган, отаси эса йўловчи ўриндиғида бўлган. У Кувайт билан чегарадош ҳудудда полиция вакиллари томонидан тўхтатилиб, машинадан мажбуран чиқариб олинган. У касалманд отасини касалхонага олиб бораётганини бот-бот айтган бўлса-да, полиция вакиллари бунга эътибор қаратишмаган. Ҳозирги кунда аёл қамоққа олинган бўлиб, унга нисбатан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари унинг хаста отаси касалхонага олиб борилгани ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Чегарадош ҳудудларда саудиялик ва кувайтликлар қалин алоқада бўлиб, улар мунтазам чегарани кесиб, ўзларига тегишли масалаларни ҳал қилишади.

Кувайтда аёлларга бирмунча ҳуқуқлар берилган бўлиб, улар машина ҳайдаши, овоз бериши ҳамда сиёсий жараёнларда иштирок этиши мумкин.

Саудияда қирол Абдулло бу борада ислоҳ ўтказишга уринган бўлса-да, у мамлакат руҳонийлари томонидан кескин қаршиликка учраган. Саудиялик аёллар машина ҳайдаши, чет элга саёҳат қилиши, банкда ҳисоб очиши ҳамда энг яқин эркак қариндоши розилигисиз ишлаши мумкин эмас.

Ўтган ҳафта аёллар автомобиль ҳайдашга қўйилган тақиққа қарши намойиш ўтказиб, натижада 16 аёл ҳайдовчи қўлга олинган, ҳар бири 80 доллар миқдорида жаримага тортилган ҳамда қироллик қонунларига буйсуниш мажбуриятини олишган.

SHARE