Ўзбек мақолларининг ўзгача талқини

Тил, фалсафа ва бадиий ижоднинг ўзига хос ҳодисаси сифатида юзага келган халқ мақоллари фолклорнинг ихчам шакл, аммо теран мазмунга эга бўлган бир жанридир. Ҳар бири тилимиз кўркини, нутқимиз нафосатини, ақл-фаросат ва тафаккуримиз мантиқини ҳайратомуз бир қудрат билан намойиш этган ва эта оладиган бундай бадиият қатралари халқимизнинг кўп асрлик ҳаётий тажрибалари ва маиший турмуш тарзининг бамисоли бир ойнасидир. Бу бадиий ойнада унинг ҳаётга, табиатга, инсон, оила ва жамиятга муносабати, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ахлоқий-эстетик ва фалсафий қарашлари, қисқаси, Ўзи ва Ўзлиги тўла намоён бўлади. Шунинг учун ҳам мақоллар ғоятда кенг тарқалган бўлиб, асрлар давомида жонли сўзлашув ва ўзаро нутқий муносабатларда, бадиий, тарихий ва илмий асарларда, сиёсий ва публитсистик адабиётда доимий равишда қўлланилиб келган ва қўлланмоқда.

Қуйида ўзбек халқи орасида қўлланилиш доираси кенг бўлган айрим мақолларнинг турк ва инглиз тилларидаги талқинини келтириб ўтамиз:

    Масалан, ўзбек халқи орасида “Бир кун туз тотган жойга қирқ кун салом бер” мақоли кўп қўлланилади. Бу мақол орқали инсон яхшилик кўрган ерини , одамини асло унутмаслиги, унга сира ҳам ёмонликни раво кўрмай, ҳамиша ҳурмат қилиши кераклиги уқтирилади. Ушбу мақолнинг турк тилидаги муқобили: “Bir fincan kahvenin kırk yıl hatırı vardır”. Инглиз тилидаги: “Don’t look a gift horse in the mouth” мақоли билан мос келади.

    “Нима эксанг шуни ўрасан”, “Ҳар ким экканин ўрар”,“Саломга яраша алик бўлади”, “Мушт урсанг, шапалоқ кут” кабилар халқ тилида кенг истеъмолда бўлган мақоллар ҳисобланади. Агар бировларга яхшилик қилсанг , бошқалардан ҳам яхшилик кўрасан. Бошингга бирор фалокат келдими, сабабини ўзингдан қидир. Ёмонлик қилиб, асло яхшилик кутма. Мазкур мақол турк тилидаги: “Çanağa ne doğrarsan, kaşığa o ҫıkar”,“Ne ekersen onu biҫersin”, инглиз тилидаги:“Çanağa ne doğrarsan, kaşığa o ҫıkar”,“Ne ekersen onu biҫersin”, инглиз тилидаги: “As you sow, so shall you reap”, “Do to others as you would have them do to you”, “Give as good as one gets” мақолларига тўгъри келади.

    “Сутдан огъзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”. Бу мақол эҳтиётсизлик ё ношудлик билан бир иш қилиб қўйиб, панд еб қолган ё зиён-заҳмат кўрган, кейин ҳар бир ишда ниҳоятда эҳтиёткорлик қиладиган одамнинг ҳолатини ифода этади ва шундай одамларга нисбатан ишлатилади. Турк ва инглиз тилларидаги эквивалентлари:“Sȕtten ağzɩ yanan, yoğurdu ȕfleyerek içer”, “A burnt child dreads the fire”.

    “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўгъри тутма”. Киши ҳар бир нарсасини аввало ўзи эҳтиёт қилиши лозим. Бирор нарсани йўқотиб қўйса, ё қўйган жойидан топа олмай , бошқа бировдан кўрса, бу туҳмат унга огъир ботади ва орага совуқчилик тушади. Мақолнинг турк ва инглиз тилларидаги муқобиллари: “Malɩnɩ iyi sakla, komșunu hɩrsɩz etme”, “An open door may tempt a saint”.

     “Эчкининг ажали етса, қассобни сузади”, “Илоннинг ўлгиси келса, изда ётар”, “Ўлгиси келган сичқон мушук билан олишибди”, “Ўт билан ўйнашган ёнар”, “Ётган илоннинг бошини қўзгъатма”. Жамият учун муқаддас ҳисобланган, мавжуд ўрнатилган қоидаларни, анъаналарни бузган, уларни булгъаган киши жамиятдан четланиб қолади. Инсон ҳар бир хатти-ҳаракатини ўйлаб қилиши керак. акс ҳолда қилган иши ўзининг бошини ейиши мумкинлиги мазкур мақол орқали уқтирилади. Бу мақол турк тилида “Eceli gelen kӧpek, cami avlusuna(duvarına) işer”, “Uyuyan yɩlanɩn kuyruğuna basma”, инглиз тилида эса, “Let sleeping dogs lie”, “Don’t play with fire” мақоллари орқали ифодаланади.

    “Бировга чоҳ қазисанг, ўзинг тушасан”, “Ёқма – пишарсан, қазима – тушарсан”. Бошқасига зарар бериш мақсадида тузоқ ҳозирлаган одам бу тузоққа, аввало, ўзи тушади. Яъни инсон бировга ёмонликни раво кўрса, унга ўзи гирифтор бўлади. Турк ва инглиз тилларидаги эквивалентлари: “El iҫin kuyu kazan, evvelȃ kendi düşer”, “Ava giden avlanɩr”, “Curses, like chickens, come home to roost”.

    “Икки кеманинг бошини тутганғарқ бўлади”, “Икки қуённи қувлаган бирини ҳам тутолмас”. Бу мақол: “Бирданига катта манфаат кўриш ниятида бирйўла икки ишнинг кетига тушма. Бундай қилсанг, иккаласининг ҳам уддасидан чиқа олмайсан”, деган маънода қўлланилади. Турк ва инглиз тилларидаги: “İki gemiye birden ayak basan suyun dibine dȕșer”, “If you run after two hares, you will catch neither”, ёки “Between two stools you fall to the ground” мақоллари билан мос келади.

     “Гулнинг тикони ҳам бор”, “Гуруч курмаксиз бўлмайди”, “Одамнинг оласи ичида”. Ҳар бир киши ўзига яраша камчиликка эга бўлади. Инсон доимо бир хил бўлавермайди.Яхши инсоннинг ёмон томони ҳам бўлади. Бир инсон ҳар доим бошқасига яхшилик қилса, унинг ёмонлик қилиши мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Турк тилидаги муқобили: “Ağzı bal yapan arının kuyruğunda iğnesi vardır”. Инглиз тилида: “Everyone’s faults are not written in their foreheads”, “There is no garden without its weeds”  мақоллари орқали ифодаланади.

    “Бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйма”. Бу мақол зиён-заҳмат етказувчи арзимаган нарсани йўқотаман деб, кўп нарсадан ажраб қолмасликка, арзимаган нарсани деб, яқин кишиларни қаттиқ хафа қилмасликка, улардан юз ўгирмасликка даъват этади. Мазкур мақол турк тилида ҳам айни шу шаклда ишлатилади: “Pireye kɩzarak yorgan yakma”. Инглиз тилидаги таҳминан шу мақолга тўгъри келади: “Burn not your house to fright the mouse away”.

    “Юзта “сиз-биз”дан битта “жиз-биз” яхши”. Мазкур мақол: “Уйингга келган меҳмонга қуруқ мулозаматлар қилгунча, олдига топган-тутганингни, ноз-неъматингни қўйиб, кўнглини овла”, деган маънода ишлатилади. Турк ва инглиз тилларидаги: “Kuru laf karɩn doyurmaz”, “Actions speak louder than words”  мақолларига тўгъри келади.

    “Қозонга яқинлашсанг қораси, ёмонга яқинлашсанг балоси юқар”. Бу билан қўлидан фақатгина ёмон иш келадиган, ёки ёмон феъл-атворга эга бўлган инсон билан дўст тутинган одамга ҳам ёмон ҳислатлар ўтади. У ҳам ёмон дўсти kаби бўлиб қолади дейилмоқда. Турк ва инглиз тилларидаги муқобиллари: “Kӧrle yatan şaşı kalkar” ,“ İtle yatan bitle kalkar”. “He that touches pitch shall be defiled”.

     “Ўзимдан чиққан балога, қайга борай даъвога”. Бир инсон баъзан ўз яқинларидан, жигарларидан ёмонлик кўрганида мазкур мақол қўлланилади. Турк ва инглиз тилларидаги эквивалентлари: “Ağaca balta vurmuşlar sapı bedenimden demiş”. “The evils we bring on  ourselves are the hardest to bear”.

    “Пичоқни олдин ўзингга ур, огъримаса бировга”. Яъни киши бировга бирор-бир ёмонлик қилишдан аввал унинг ўрнига ўзини қўйиб кўриши керак. Бошқаларга зинҳор ёмонликни раво кўрмаслиги даркор. Бу мақол турк тилидаги: “İğneyi kendine, ҫuvaldızı başkasına batır “, инглиз тилидаги “Do as you would be done by” мақоллари билан мос келади.

    “Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади”. Бу мақол орқали ёмонликни, ёлгъон гапни, ўгъирликни, хиёнат, жиноятни ҳар қанча яширган билан бир кун ошкора бўлмай қолмаслиги уқтирилади. Турк тилидаги муқобили: “Ağaran baș, ağlayan gȍz gizlenmez”. Инглиз тилидаги муқобили: “Fire that’s closest kept burns most of all”.

     “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур?”. Бу мақол тулкининг тилидан айтилган. Тулки ёгъга ўч бўлади. Ўтмишда овчилар уни тутиш учун қопқонни тупроққа кўмиб, устига бир парча думба ёгъи қўйиб қўярдилар. Тулки уни ейман деб келиб, қопқонга илинарди. Мазкур мақол шунинг натижасида юзага келган бўлиб, мажозий маънода одамларни хушёр, эҳтиёткор бўлишга ундайди. Турк тилидаги таҳминан шу мақол билан мос келади:“Dibi gȍrȕnmeyen sudan geçme”.  Инглиз тилидаги муқобили: “The bait hides the hook”.

    “Кўза кунда синмайди, кунида синади”. Бу мақолни “Ҳа, ҳеч ким кўрмаяпти-ку, билмаяпти-ку, деб ўйлаб, осонгина, мўмайгина бойлик, манфаат орттириш йўлида хуфиёна ишларни қилиб юрган одам бир кун бўлмаса, бир кун қўлга тушиши, яширинча қилиб юрган ишлари фош этилиши, шарманда бўлиши муқаррар”, деган маънода қўллайдилар. Турк тилидаги эквиваленти: “Bir sɩçrarsan çekirge, iki  sɩçrarsan çekirge, ȕçȕncȕde ele geçersin çekirge”.

    “Қарс икки қўлдан чиқади”. Икки киши уришиб, жанжаллашиб қолса: “Айб фақат унда ё бунда эмас, ҳар иккисида ҳам бор. Бўлмаса, бунақа келишмовчилик, уруш, жанжал чиқмасди”, деган маънода шу мақолни айтадилар. Шунингдек, дўстлик бир томонлама қарор топмайди, бир томонлама муносабат узоққа бормайди каби маъноларда ҳам қўлланилади. Турк ва инглиз тилларидаги муқобиллари:  “Baș bașa vermeyince taș yerinden kalkmaz”. “Courtesy on one side only lasts not long”, “Friendship cannot stand always on one side”.

    “Ўнг қўлинг берсин, чап қўлинг билмасин”. Яхшилик қилсанг, яшир. Кимгадир яхшилик қилдингми, уни бошқаларга ошкор қилма, ҳатто ўзига ҳам билдирма. Шунда чинакам яхшилик қилган бўласан. Ушбу мақолнинг турк ва инглиз тилларида ҳам айни кўринишдаги эквивалентлари мавжуд: “Sağ elinin verdiğini sol elin gӧrmesin”. “Don’t let your right hand know, what your left hand is doing”.

Мақоллар кўп асрлик ҳаётий тажрибалар, доимий кундалик кузатишлар хулосасини тугал фикр тарзида қатъий қутбийликда ифодалар экан, уларда ҳар бир сўзнинг маъно хилма-хиллиги, ибораларнинг тургъунлиги, шаклий барқарорлик устунлик қилади. Аммо қўлланиш ўрнига қараб уларнинг маъно доираси доимий равишда кенгайиб боради. Шунинг учун ҳам мақолдаги ҳар бир сўзга алоҳида эътибор бериш керак. Мақоллар сўзларнинг маъно имкониятлари нақадар кенглигини кўрсатади.

Муҳпида ТАДЖИБАЕВА,

Тошкент давлат шарқшунослик институте талабаси.

SHARE