Саудия тўнини нега тескари кийиб олди?

obama-saudi-2

Маълумки, шу кунларда АҚШ  давлат котиби Жон Керри Яқин Шарқ мамлакатларига сафар қилган. Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад Американинг ушбу минтақадаги таъсирини янада кучайтиришдир. Чунки сўнгги воқеалар минтақада анти-Америка кайфиятининг кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда Саудия Арабистони томонидан намойиш этилаётган «шоу» Американи анча ташвишлантириб қўйди. Бу бежиз эмас.

Саудия Арабистони АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий ҳамкори бўлиб, у яқинда Бирлашган Миллат Ташкилоти Хавфсизлик кенгашидаги вақтинчалик аъзолигидан бош тортди. Хўш, Саудия қироллиги бу билан Америкага, аниқроғи, Барак Обама маъмуриятига қандай сигнал юборди?

 «Бу ишора БМТга эмас, балки америкаликларга юборилган мактубдир», дейди европалик дипломатлар билан мулоқотда Саудия разведкаси раҳбари шаҳзода Бандар. Унинг ушбу суҳбатидан айрим иқтибослар The Wall Street Journal газетасида нашр этилди. Бунга сабаб Саудия раҳбарияти Обаманинг Сурия ва Фаластин борасидаги позициясидан мутлақо кўнгли совиганидир.

Албатта, ушбу масалада Саудия ҳукумати берган расмий баёнот ҳам ҳақиқатдан йироқ эмас. Унда Саудия Хавфсизлик кенгаши халқаро хавфсизлик ва тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича ўз мажбуриятларини амалда самарали бажаришга хизмат қилиш учун ислоҳ этилмагунча БМТда фаолият юритишдан бўйин товлаётгани айтилган.

Очиғи, охирги пайтларда БМТни бешикдаги бола ҳам самарасизликда айблаяпти. Шу маънода саудларнинг айбловини у қадар жиддий қабул қилиш учун асос бўла олмайди. Сурия масаласида эса халқаро ҳамжамият муросага бора олишини намоён этди ва тегишли натижага эришди. Албатта, бунда кимёвий қуролни қўллаганлар топилмади ва улар жазоланмади.

Хўш, унда саудиялик шаҳзодалар нимадан бунча хуноб бўлишмоқда?

Умуман, АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги зиддият анча кучайди. Бу, шубҳасиз, АҚШнинг содиқ шерикларидан бири Ҳусни Муборакнинг тахтдан ағдарилиши билан бошланди, десак нотўғри бўлмайди. Ўшанда АҚШ имкон қадар ушбу ўзгаришларга жуда бефарқ қаради.  «Мусулмон биродарлар»нинг ҳокимиятга келиши ва ҳокимиятдан ағдарилишини ҳам АҚШ анча сокин кузатди. Саудия эса араб дунёсида бундай беқарорликнинг сақланиб қолишини кўп истамасди.

Қолаверса, қўшни Баҳрайнда бўлиб ўтган намойишларни бостириш учун Саудия Арабистони ҳарбий ёрдам таклиф қилганда АҚШ бу ғояни яширин бўлса-да, қўллаб-қувватламади. Эндиликда эса Сурия масаласида АҚШнинг позицияси унга жуда тушунарсиз бўлиб кўринмоқда. Чунки Обама аввалига яшиндек Сурияга ҳаводан ҳужум қилиш ҳақида гапирган бўлса-да, кундан-кунга бу баёнотларнинг чўғи сўна бошлади. Охир-оқибат, В. Путиннинг Сурия кимёвий қуроли бўйича ташаббуси Ғарб интилиб келган тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини бузиб юборди. Чунки кимёвий қуролни йўқотиш Башар Ассад зиммасига юклатилди. Айнан шу билан унинг ҳукумати халқаро миқёсда тан олиниши давом эттирилди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Сурияда мухолифатнинг ғалаба қозониши Саудия Арабистонининг минтақадаги асосий рақиби Эроннинг таъсирини бирмунча қисқартирган бўларди. Шу боис Саудия Арабистони қуролли тўдаларни қўллаб-қувватлаш учун миллионлаб доллар маблағ сарфламоқда.

Ўз навбатида, расмий Вашингтонда ҳам Саудия Арабистони қироллигининг ҳаддан ташқари кўп нарсани хоҳлаб юбораётгани хавотир уйғота бошлади. Аввало, Суриядаги қуролли ҳаракатларда «Ал-Қоида» вакилларининг иштирок этаётгани бўлса, иккинчидан, Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган қуролли гуруҳлар билан ишлаш, кураш олиб борилаётган диктаторлик режимларига қараганда мушкул вазифадир.

Шу боис АҚШ ҳукумати асрлар давомида синалган «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» формуласи асосида иш тутишни маъқул кўрмоқда.  Эронда анча босиқ ҳукумат шаклланди, шу боис ушбу мамлакат билан музокаралар бошлаш масаласи кўтарилмоқда. Башар Ассад эса кимёвий қуролни йўқ қилишга розилик берди.  Демак, унга имкон бериш керак. Буларнинг барчаси саудиялик стратегларнинг жиғига теккани бор гап.

Иқтисодчиларнинг фикрича, Саудия Арабистони араб давлатлари билан келишган ҳолда бундан 40 йил олдинги сингари «нефть инқирози»ни амалга ошириши мумкин. Аммо бу катта фойда келтирмаслигини Саудия шаҳзодалари яхши тушунишади, қолаверса, АҚШнинг жаҳлини чиқариш Саудияга қарши турли ахборот хуружларига йўл очиши мумкинлигини билишади.

SHARE