Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ғуломов Филадельфияга ташриф буюради

Colloquium_2

Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Ғуломов шу йилнинг 20 ноябрь куни Филадельфияга (Пенсильвания) ташриф буюради. Америка — Ўзбекистон савдо палатасига таяниб uzDaily.Uz тарқатган хабарда келтирилишича, Бахтиёр Ғуломов АҚШ хусусий сектори ҳамда ўзбекистонликлар қатнашадиган давра суҳбатида иштирок этади.

Палата ушбу давра суҳбати АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги бизнес алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини таъкидламоқда. Америка — Ўзбекистон савдо палатаси, Филадельфиядаги АҚШ Тижорат хизмати, The Fox бизнес мактаби ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур учрашув Ўзбекистон элчиси учун Пенсильваниядаги АҚШ экспортер ва ишлаб чиқарувчиларига Ўзбекистон иқтисодиёти ва бизнес салоҳияти ҳақида тақдимот қилишга катта имкониятдир. Мазкур давра суҳбатида Ўзбекистонда бизнес қилиш ва муваффақиятларига эришиш йўллари муҳокама қилинади.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм хоним Бахтиёр Ғуломовнинг Пенсильвания сафарини олқишлаб, АҚШ компаниялари нималарни таклиф қилишни кўриш икки мамлакат ўртасида савдо алоқаларининг ривожланишига ҳамда Америка ва Ўзбекистон халқлари равнақига хизмат қилишини айтиб ўтди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм хоним яқинда қиймати 4 млрд. долларга тенг бўлган палатанинг инвестиция ва савдо лойиҳалари рўйхатини тақдим этди.

АҚШ ва Ўзбекистон икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган бўлса-да, эришилаётган натижаларни юксак деб бўлмайди. Масалан, 2012 йилда АҚШ Ўзбекистонга қилган экспорти бор-йўғи 5 миллион, 2011 йилда 0, 2010 йилда 1 миллион долларни ташкил қилган.

SHARE