Янги мэр Билл де Блазио “иккита Нью-Йорк”ни бирлаштирмоқчи

de-blasio-election-eve

Нью-Йорк шаҳри мэрлигига бўлиб ўтган сайловда демократлар партияси вакили, адвокат Билл де Блазио ғалаба қозонди. У ўз сайловолди кампаниясида шаҳардаги иқтисодий нотенгликка қарши ғояларини илгари сурган эди. Шундай қилиб Нью-Йорк шаҳри тарихида сўнгги йигирма йил деганда демократик партия вакили сайланди.

Сайлов участкалари маълумотларига кўра, 52 яшар де Блазио ўз рақиби — республикачилар партияси вакили Жо Лотани катта фарқ билан мағлубиятга учратди. 51 фоиз овозларнинг ҳисоб-китоби шуни кўрсатдики, де Блазио 73 фоиз, Лота эса 25 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлди. Жо Лота ўз мағлубиятини телевидение орқали расман тан олган.

Унга қадар Нью-Йоркда республикачилар партиясидан Рудольф Жулиани икки муддатга, Майкл Блумберг эса уч муддатга мэрлик қилган эди. Медиа-магнат Майкл Блумберг учинчи муддатга Нью-Йорк мустақил партиясидан ўз номзодини қўйган эди.

Нью-Йорк аҳолиси 8,3 миллион кишини ташкил қилиб, демократлар сони республикачиларга қараганда олти баравар кўпдир.

Де Блазио Нью-Йоркнинг амалдаги мэри Блумберг томонидан маъқулланган полициянинг “Ушла ва текшир” тактикасини қўллаб-қувватлагани, қолаверса, Блумбергни “иккита Нью-Йорк” устидан назорат қилганликда айблаб танқид қилгани учун сайловчилар эътирофига сазовор бўлган. У жамоат касалхоналари ёпилишига қарши курашиш, мактаб ва боғчалар фаолиятини яхшилашни ваъда қилди. Де Блазио сўзларига кўра, Нью-Йоркда иккита шаҳар бор: бирида 400 минг миллионер истиқомат қилса, яна бирида фақат қашшоқлар яшайди.

Демократик партияси вакили йиллик даромад 500 минг доллардан ошадиган фуқаролар учун даромад солиғини оширишни таклиф қилди. Бу таклиф тадбиркорларни хавотирга солди. Де Блазионинг бундай тактикаси унинг рейтинги икки ойда 15 фоиздан 43 фоизга ошишига замин яратди.

Эътиборли жиҳати, Билл де Блазио афроамерикаликка уйланган бўлиб, уларнинг икки нафар фарзанди бор.

Нью-Жерсида бўлиб ўтган сайловларда эса республикачилардан Крис Кристи губернатор этиб сайланди. Таҳлилларга кўра, у кейинги сайловларда республикачилардан президентлик учун муносиб номзодлардан ҳисобланади.

SHARE