Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов: Марказий Осиё ҳозирча интеграцияга тайёр эмас

TASS_4296348
Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисовнинг фикрича, Марказий Осиё мамлакатлари ҳозирча интеграцияга тайёр эмас. Унинг фикрича, бугун интеграция ҳақида гапиришга эрта, ҳозирги ҳолатни Марказий Осий мамлакатларининг кооперацияси сифатида баҳолаш мумкин. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар тарқатди.

“Ҳали интеграция ҳақида гапиришга эрта. Биз, эҳтимол, “кооперация” сўзини ишлатганимиз тузукдир. Ўзаро савдо айланмаси ўсиши, бир-биримизга ислоҳотларга ҳамда тегишли институтлар яратилишига таъсир ўтказиш учун иқтисодий яқинлашиш мақсадида шарт-шароит яратиш лозим”, деди у.

Қозоғизстон ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан Қозоғистон ташқи сиёсати ҳақида фикр юритар экан, минтақа давлатлари ўртасида иқтисодий соҳада ҳамкорлик ҳозирча кўнгилдагидек эмаслигини айтиб ўтди.

Вазирнинг фикрича, ички минтақавий савдо, транспорт алоқаси, давлатларнинг хусусий секторлари ҳамкорлиги ҳали етарли даражада эмас. “Шу боис Марказий Осиё йўналишидаги вазифамиз иқтисодий алоқаларимизга туртки беришдир. Ҳозирча Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати минтақадан ташқари давлатлар билан савдо алоқаларини ўрнатмоқда, иқтисодий ҳамкорликни кучайтирмоқда”, деди у.

Вазирнинг қайд этишича, минтақадаги давлатлар ягона тарихий илдизга эга, уларни маданият, тил яқинлаштиради. “Биз, Тожикистонни истисно қилганда, турк тилида сўзлашувчи халқлар гуруҳига кирамиз, бизда иқтисодиёт учун катта имконият бор”, деди Ерлан Идрисов.

Сайтнинг ёзишича, ушбу масалада, яъни Марказий Осиёда интеграция масаласига давлат ва жамоат арбоблари турлича муносабат билдиришмоқда. Масалан, Тожикистон Очиқ жамият институти бошқарув раиси Парвиз Мулложонов Тожикистон Марказий Осиё мамлакатлари билан интеграцияга зўр бераётганини айтиб, бу саъй-ҳаракатларни шубҳа остига олган. Унинг фикрича, Тожикистоннинг Эрон билан ҳамкорликка урғу бериши фойдалидир.
Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Марат Шайхутдиновнинг айтишича, айрим халқаро ташкилотлар минтақада интеграция масалаларига Марказий Осиё давлатларидан кўра кўпроқ қизиқиз билдиришмоқда.

SHARE