Шенген визасини олиш тартиби ўзгарди

schengen_visa_picture

2013 йил 14 ноябрдан бошлаб Шенген визасини олиш учун ариза топширилган вақтда ҳам аризачилардан бармоқ излари олинади. Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонасининг хабар беришича, бунга Виза маълумотлари тизими (ВМТ) асос бўлиб хизмат қилади.

ВМТ – бу Шенген давлатлари ўртасида виза борасидаги маълумотларни ўзаро алмашиш тизимидир. ВМТнинг асосий мақсадлари виза олиш учун ҳужжат топшириш жараёнини осонлаштириш, ташқи чегаралардаги назоратларни енгиллаштириш ва хавфсизликни – аризачининг ўзи учун ҳам – кучайтиришдан иборатдир.

Шенген давлатларининг Виза маълумотлари тизими (ВМТ) 2011 йил 11 октябрдан бошлаб ишга тушган. Шенген давлатлари элчихоналарининг виза бўлимлари ушбу тизимга босқичма-босқич қўшиб борилмоқда.

ВМТни амалда тадбиқ этиш мақсадида Шенген давлатларининг консуллик ваколатхоналари ва чегара пунктлари ВМТнинг марказий маълумотлар базасига бириктирилади.

ВМТ туфайли айрим ўзгаришлар юзага келади:

– визани илк бор расмийлаштириш вақтида тегишли биометрик маълумотлар олиниши учун аризачининг шахсан ўзи келиши керак: яъни аризачининг сурати ва унинг 10 та бармоғидан излар олиб қолинади.

– Агар 5 йил ичида виза учун яна ҳужжат топширилса, унда ВМТдаги тегишли файлда сақлаб қўйилган бармоқ изларидан қайтадан фойдаланиш мумкин бўлади ва натижада аризачининг ҳужжат топшириш учун шахсан келиши шарт бўлмайди.

– Шенген давлатлари ҳудудига кириш пунктларида чегара назоратига масъул идоралар саёҳатчининг шахсини ВМТга кириш орқали аниқлаш имкониятига эгадирлар.

SHARE