“Муаммо мигрантларда эмас”

Акын

Бугун Россияда Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳақидаги қарашлар анча оғирлашиб кетаётгани ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, миграция масалалари билан боғлиқ турли воқеалар вазиятнинг янада чуқурлашишига туртки бермоқда. Хўш, россияликлар Ўзбекистонни қандай кўришмоқда, улар мамлакат ҳақида қандай фикрда? Қуйида Ўзбекистонга саёҳат қилган, россиялик дизайнер, “Айбат” дизайн-студияси раҳбари, Қозон давлат архитектура-қурилиш университети катта ўқитувчиси Сергей Насекин “Бизнес Online” интернет нашрида чоп этилган сафар очеркини қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этамиз.

25 йил ўтиб…

Шуни айтишиим керакки, охирги марта Ўзбекистонда 1988 йилда бўлганман. Ўшанда Қозон муҳандислик-қурилиш институти талабаси сифатида бизда таҳсил олаётган икки нафар немис талабаси билан ташриф буюрган эдик. Ўша саёҳатдан менда ёрқин хотира сақланиб қолган. Негаки, у мен учун том маънода экзотика эди…

Орадан 25 йил ўтди. Ўша ёшлик йилларимни ёдга олгим келди, айниқса, ўтган давр мобайнида нима ўзгаргани мен учун қизиқ.

Қозондан Самарқандга учаётганимизда, эътиборимни тортган биринчи нарса шу бўлдики, самолётда 99,9 фоиз йўловчилар Ватанига қайтаётган гастарбайтерлар эди. Самолётда бор-йўғи биз икки киши чет эл фуқароси эдик.

Самарқандга етиб келгач, биз шаҳарга чиқишга шошилмадик, аввало, уйига интилаётган оломонни ўтказиб юборишни маъқул кўрдик. Биз паспорт назорати учун турган навбатнинг охиридан жой олдик. Аммо ўша пайт бизни чегара ходими кўриб, туристлигимизни сўради. Тасдиқловчи ишорани қилганимиздан сўнг у бизни навбатсиз паспорт назоратига олиб борди. Ўзбекистонга саёҳтимни хронологик тартибда эмас, балки ушбу сафардан менинг диққатимни тортган жиҳатларни айтиб ўтаман.

Биринчи ҳайрат: рус тилининг Ўзбекистон кенг ишлатилишидир. Русийзабон туристлар учун Ўзбекистонда ҳеч қандай муаммо йўқ. Рус тилида қарийб ҳамма гапиради. Қаердаки бўлган бўлсам, у ердаги турли реклама эълонлари икки тилда: ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида осиб қўйилган. Таксист қўйган радиостанцияларнинг қарийб ярми рус тилида эшиттириш олиб борарди. Радиода русча рекламалар берилади, аэропорт ва вокзалларда ҳам эълонлар рус тилида берилади.

Мен борадиган жойларим олдиндан аниқ эмас эди. Шунинг учун меҳмонхоналарни брон қилмаган эдим. Бундай масалаларнинг барчаси йўл-йўлакай ҳал бўлиб борди, энг муҳими, ҳеч қандай муаммо туғилгани йўқ.

Айтганча, Ўзбекистонда россиялик туристлар сони анча кам. Бу ерга асосан французлар ва немислар ташриф буюришар экан. Маҳаллий гидлардан бунинг сабабини сўрасам, россияликлар собиқ СССР республикаларини ўзига хос мамлакатлар сифатида қабул қилмасликларини айтишди. Шахсан мен учун ушбу мамлакатларда жуда кўп ёрқин таассурот қолди.
Ўзбекистонда рус аҳоли бор. Қолаверса, Самарқандда мен рус ҳайдовчиси Сергей билан танишдим, у 7-8 йил бурун Самарадан ташриф буюрган экан. Аввалига у бувисидан қолган уйни ҳал қилиш учун келган бўлса-да, кейинчалик шаҳар ёқиб қолгани учун шу ерда яшашга қарор қилади. Сергейнинг сўзларига кўра, шаҳарда 30 минг атрофида ўрислар бор.

Иккинчи ҳайрат: мустамлака ҳисси. Балки ғалати туюлар, лекин мен ўзимни Ўзбекистонда собиқ мустамлакалардан бири, дейлик, Конгода бўлган англияликдек ҳис қилдим. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистонда россияликларга нисбатан самимий қарашади. Мени илк марта кўришганида, одатга кўра, менга инглиз тилида “Ҳеллоу” деб салом беришади. Мен: “Здраствуйте, мен Россияданман”, деб жавоб бердим. Улар хурсанд ҳолда “А-а! Ўзимиздан”, деб жавоб қайтарди. Ўзбеклар тўлақонлик “кийдирадиган” бечора француз ва немислардан фарқли ўлароқ, россияликларга мутлақо бошқача муомала қилишади. Чин юракдан суҳбатлашиш, тушунтириш, келишиш, савдолашиш ёки ёрдам олиш мумкин.

Учинчи ҳайрат: Динга нисбатан муносабат. Тўғрисини айтишим керак, мен Ўзбекистонда жамият тўлақонли исломлашганини кўришга руҳан тайёр эдим. Аммо адашибман. Самарқанд, Хива ва Бухорода ҳижобда юрган қизлар Қозонга нисбатан жуда кам. Улар ҳам бармоқ билан санарли.

Оила муносабатлари Марказий Осиё мамлакатлари учун бир хил. Бу ерда оилавий муносабатлар анъанавий қадриятларга, яъни патриархал муносабатларга асосланган. У ерда оила ва болалар — асосий қадрият. Болаларни тарбиялаш, уйлантириш ёки турмушга узатиш керак. Уларни уй-жой билан таъминлаш, камида 300 кишилик тўй қилиш ҳар доим бўлган ва ҳали ҳам давом этмоқда. Бу тадбирлар ҳам дин билан чамбарчас боғланмаган.

Яна бир қизиқ ҳайрат қолдирган нарса: алкоголь масаласидир. Ўзбеклар анча кўп алкоголь истеъмол қилишади, улар асосан маҳаллий арақни ичишар экан. Кўча-кўйда маст-аластлар жуда кам, чойхоналарда ош остидан маҳаллий арақ ичаётган одамларни учратиш мумкин.

Мен ноқулай об-ҳаво шароитида саёҳат қилган эканман, ҳарорат 3-5 даражани ташкил қиларди. Тўғриси, бундай ҳаво шароитига тайёр эмас эдим, шунинг учун баъзан тушлик пайтлари маҳаллий арақни тотиб кўриб, исинишга тўғри келди…

(Муаллиф Бухоро, Хива, Қорақалпоғистонга сайр қилади. У Аёз қалъа, Савицкий номидаги музейда бўлади. Сўнг поездда Самарқандга қайтиб келади…)

Самарқандда мени олдин танишиб олган ҳайдовчи кутиб олди. Ундан яхши ўзбек паловини тайёрлайдиган жойга олиб боришни сўрадим. У кечқурун ош емасликларини айтди, ош оғир таом. Биз у билан эртасига эртароқ учрашишга келишиб олдик… Эртасига оддий бир уйга кирдик. Ҳеч қанақа эълон осиб қўйилмаган. Ҳовлига кириб, катта дошқозонда ош тайёрланаётганига гувоҳ бўлдим. Ош ҳақиқатда яхши экан, мен Ўзбекистонда еган энг яхши ош шу бўлади.

Хавфсизлик

Яна бир марта айтаман, ўзбек халқи жуда ҳам эзгу ниятли халқдир. Мен шаҳар кўчаларида ҳатто кечқурунлари юриб ҳам ўзимни хавф-хатарда ҳис қилмадим. Ўзбекистон ўзининг наркомафияси танобини тортиб қўйибди. 1990-йилларда бу ҳақиқий муаммо эди. Аммо кейинчалик ҳукумат жазони кучайтирди. Гиёҳванд моддалар учун энг кам жазо муддати 12-15 йил этиб белгиланган. Ҳамма бу амалда фойда берганини айтишади.

Масала мигрантларда эмас

Ўзбекистондан қайтиб келиб, хаёлимдан ўтган фикр шу бўлдики, собиқ Иттифоқ республикалари аҳолиси учун виза тизимини жорий қилиш керак эмас. Биз уларни ўзимиздан итаришимиз керак эмас. Бу одамлар бизга ҳам маънан, ҳам маданий жиҳатдан яқиндир. Бизни умумий тарих, ўтмиш бирлаштириб турибди, ундан воз кечиб бўлмайди. Агар биз уларни ўзимидан йироқлаштирадиган бўлсак, ўрнимизни америкаликлар, хитойликлар эгаллайди. Ўзбекистондан гастарбайтерларнинг келишидан қўрқиш керак эмас. Улар бизда ўз меҳнати билан пул ишлаб топишади, бу пулга оиласини боқади, уй қуради. Уларнинг аксариятида Россияда абадий қолиш нияти йўқ. Улар учун оила биринчи ўринда туради. Очиғи, мен мигрантлар оқими билан боғлашга уринишаётган жиноятчилик ўсиб кетгани ҳақидаги ваҳималарни тушунмайман. Фикримча, муаммо мигрантларда эмас, балки ўз ишини жуда сифатсиз бажараётган миграция хизмати ва ҳуқуқ-тартибот органларидадир.

SHARE