Россиялик сенатор мигрантларни махсус «сим-карта»лар орқали назорат қилишни таклиф қилди

image15530015_f16e6ce465f0a346cf2044f6d2d0e152

Хорижлик мигрантлар ҳисобини юритиш ва уларни назорат қилиш учун Россия Федерациясига кирганда уларга махсус сим-карталарни бериш керак ва вақти-вақти билан телефон қилиб, уларни қаерда жойлашганини ҳамда нима иш билан бандлигини текшириб туриш керак. Шундай таклиф билан Россия Федерацияси Кенгаши аъзоси сенатор Евгений Тарло чиқди. Бу ҳақда «Регнум» ахборот агентлиги хабар тарқатди.

«Ғоя техник жиҳатдан жуда содда, у бюджетга ҳеч қандай ортиқча юк бўлмайди. Буни учун ҳар бир мигрант махсус сим-карта билан таъминланиши лозим. Унинг нархи у даражада қиммат эмас, ҳар бир мигрантга тегишли мобиль операторидан телефон харид қилиш мажбуриятини юклаш ёки барча йирик мобиль операторларидан махсус симкарта талаб қилиш мумкин», дейди сенатор.

Сенаторнинг фикрича, шу йўл билан нафақат мигрантларни сонини билиш мумкин, балки уларнинг фаолиятини кузатиш имконияти ҳам юзага келади.

Москва шаҳри думаси комиссияси раиси Инна Святенконинг айтишича, бундай ғоя самара келтирмайди. «У ёки бу диаспоранинг битта вакили бундай минглаб телефонларга уларнинг номидан жавоб бериши мумкин», дейди у.

У мигрантларни келган жойида ишлашини таъминлаш учун уларни ҳисобга олиш тизимини такомиллаштиришни таклиф қилди. Депутат, шунингдек, давлат россияликларни ишга ёллаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаши кераклигини айтади.

Эслатиб ўтамиз, Россияда 2013 йилнинг август ойи охирига келиб, 11 миллион нафарга яқин хорижий мамлакат фуқаролари бор. Уларнинг 2,7 миллион нафари Ўзбекистондан, 1,5 миллион нафари Украинадан, 1,2 миллион нафари Тожикистондан, 500 минг нафардан ортиғи эса Қирғизистондан ҳисобланади.

SHARE