Нуқтаи назар: ўзимизнинг “ёмонлар”

2EB830B8-CA3C-4DF1-9995-99AD8F1A85D2_mw1024_n_s

Беш қўл баравар эмас. Халқимизнинг бу нақли замирида олам-олам маъно мужассам. Дарҳақиқат, одамларнинг фикр-дунёқараши, атрофидаги воқеаларга муносабати ҳам турлича, кимдир ижобий қараса, яна кимдир салбий фикр билдиради. Табиат қонунияти.

“Ватандош” ўтган ҳафта икки воқеани ёритди. Бири — Владивостокда туғуруқхона акушерлари қабул қилмаган Ўзбекистон фуқароси Шоира Улашева воқеаси бўлса, иккинчиси ҳам Россия билан боғлиқ: асли Ўзбекистондан бўлган, машҳур Зокировлар хонадони вакили Наргиз Закированинг “Голос” лойиҳасида навбатдаги босқичга ўтгани бўлди.

 Ижтимоий тармоқлардаги изоҳларни кузатар экансиз, хаёлимдан шу нарса ўтди: биз нима хоҳлаймиз?

Гап шундаки, Владивостокда акушерлар қабул қилмаган аёл этник камчилик —  gypsy вакили (эҳтимол) бўлиб чиқди. Айрим ижтимоий тармоқ вакиллари бутун рус жамияти айнан ватан ва фуқаро тушунчасидан анча йироқ бўлган “gypsy”ни деб ўзбекистонликларнинг ёмонотлиқ бўлаётганидан нолиса, яна кимдир ўрис шикофорларининг бу даражада “паст кетишини” қоралади.

Наргиз Закирова эса ана шу бутун ўрисларни ўзига лол қолдирди. У бунга ўз истеъдоди ва иқтидори билан эришди. Муаммо шундаки, унинг ташқи кўриниши (имижи) аксарият ватандошларимизнинг асабига шу даражада тегибдики, уни очиқчасига ҳақорат қилишдан ҳам тийилишмади. Буни Vatandosh’нинг Facebook’даги саҳифасидаги изоҳларда ҳам кўриш мумкин.

Беайб парвардигор. Тўғри, ҳамма биз хоҳлаганимиздек, биз истагандек турмуш тарзини танламайди, жамиятдаги ахлоқ қоидаларига буйсунмасдан яшайди, омма олдида чиқиш қилади. Лекин шу нарса аниқки, уларнинг бири ўзбек, бири Ўзбекистон фуқароси. Бу фактдан ҳеч қаёққа қочиб кета олмайсиз. Шунақа: орамизда ўғримиз ҳам бор, ғаримиз ҳам бор, яхшимиз ҳам бор, ёмонимиз ҳам.  Биз бировдан ғурурланиш ёки ғурурланмасликдан аввал у одам сизу бизнинг қондошимиз, ватандошимиз эканлигини қабул қилишимиз керак.

Биз бу билан улар қилган ишни оқлаш ёки қоралашдан йироқмиз. Майли, қилиғини инкор қилайлик, лекин ўзини эмас. Ҳар биримиз учун эса фахрланайлик.

Мурод ҒОФУРОВ

SHARE