Ислом Каримов Филиппин Президентига таъзия изҳор қилди

(с) Reuters
(с) Reuters

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Филиппин Республикаси Президенти Бенинё Акинога “Хайян” тўфони келтириб чиқарган кўчки ва вайронагарчиликлар туфайли кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан таъзия изҳор этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар тарқатди.

Эслатиб ўтамиз, “Хайян” тўфони келтириб чиқарган кўчки ва вайронагарчиликлар туфайли, сўнгги маълумотларга кўра, 10 минг атрофида киши ҳалок бўлган.

Вьетнам ва Хитойда аҳолини хавфли ҳудудлардан оммавий эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда. “Биз губернаторлар билан йиғилиш ўтказдик, ҳукуматнинг ҳисоб-китобича нобуд бўлганлар сони 10 минг нафардан кам эмас”, деди маҳаллий полиция раҳбари.

Филиппин ижтимоий таъминот вазирлиги тарқатган хабар келтирилишича, тўфон 9,5 миллион киши ҳаётига таъсир ўтказган. 450 мингга яқин киши эса уй-жойидан ажраб қолган, улар вақтинчалик лагерларда қўним топган.

Шуни қайд этиш керакки, “Хайян” тўфони яқинлашаётгани муносабати билан мамлакат раҳбарияти 1 миллион нафардан ортиқ одамни эвакуация қилган, 37 та провинциядаги 14 миллион киши эса бундай эвакуация тадбирлари уларга ҳам ўтказилиши мумкинлигидан огоҳлантирилган. Афсуски, бундай чора-тадбирларга қарамасдан кўпсонли қурбонлар бўлган.

SHARE