Ўзбекистонликлар Россиядан долларда пул жўнатиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин

(с) ИТАР-ТАСС/ Владимир Бурнов
(с) ИТАР-ТАСС/ Владимир Бурнов

Россия Федерацияси Давлат думаси депутати, Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси Михаил Дегтяров мамлакат парламенти қуйи палатасига АҚШ долларининг Россиядаги кенг тарқалгани муаммосини ҳал қилишга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим қилди.

Депутатнинг фикрича, дунёда доллар яккаҳокимлиги таҳдид остида қолаётган бир шароитда, қолаверса, АҚШ иқтисодиётидаги муаммолар доллар оммавий ишлатиладиган мамлакатлар бундан жиддий зиён кўради.

Қонун ташаббускорига кўра, маълум бир вақт ичида долларда депозитига эга бўлган шахслар ўз жамғармасини рублга алмаштиришлари ёки сарфлашлари мумкин. Йўқса, банклар долларни ўртача курс миқдорида сотишга мажбур бўлишади. Нақд долларга эга шахслар ҳам ўз маблағларини сарф қилиши талаб қилинади. Қонун лойиҳасида ўтиш даври тугагандан сўнг нақд долларни топиш ва олиб қўйиш тартиби баён қилинмаган. Аммо долларни полиция ёки  божхона ходими кўриб қоладиган бўлса, у олиб қўйилади ва 30 кун ичида сотилиб, рублда эгасига қайтарилади.

Унга кўра, долларни сотиш ва сотиб олиш ваколатли банклар томонидан фақат нақд пулсиз амалга оширилади. Доллар сотиб олиш ҳуқуқи эса резидентларга тақдим қилинади.

Қонун лойиҳасига кўра, нақдсиз доллар сотиш ҳуқуқи бир гуруҳ шахсларга берилади. Чунончи, қонун билан ўрнатилган ўтиш муддати тугагач доллар харид қилган резидентлар, Россияда бўлиб турган хорижликлар, туристлар бундай ҳуқуққа эга бўлади.

Қонун лойиҳасига кўра, дунёнинг 63 мамлакатига, яъни Европанинг барча мамлакатлари, Хитой, МДҲ, Ҳиндистон, КХДР, Монголия, Грузия, Туркия, Жанубий Осетия ва Абхазия, Шимолий Африка мамлакатларига бориш учун Россия фуқаролари доллар харид қила олмайди.

Vatandosh экспертларига кўра, қонун лойиҳаси қабул қилиниши эҳтимоли жуда паст. Мабодо у қабул қилинадиган бўлса, Ўзбекистон фуқаролари АҚШ долларида пул жўнатмаларини юбориш имкониятидан маҳрум бўлишади.

Эслатиб ўтамиз, Россияда 2,7 миллион нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги айтилади.

SHARE