Обаманинг ёлғонлари ёки республикачиларнинг куни туғдими?

 

ZGRmNjRjYzg0NiMvOTNVMWpWUUdIZVJJVVZ2UXFOWFBaRmxYOWZJPS8weDUwOjQ5OTN4MzIwMC84NDB4NTMwL3MzLmFtYXpvbmF3cy5jb20vcG9saWN5bWljLWltYWdlcy81YjM5MWQ1ODMyZmNiM2QyZGMyMzdiMWMzN2QzZGUxMjlkNDMzOTJkYzIwMzFiZjE4Njg1OTU4MmZ

Ўтган ҳафта Америкадаги ҳам ўнг, ҳам сўл телекомпаниялар бош қаҳрамони, аниқроғи, антиқаҳрамони Барак Обама бўлган видеороликни роса айлантиришди. Видеороликда қайд этилишича, Барак Обама Affordable Care Act ёки халқ тилида Obamacare деб ном олган тиббиёт ислоҳотларининг муҳим қисмлари бўйича аҳолига гўёки ёлғон ахборот тақдим қилган.

Ролик Барак Обаманинг ўттизга яқин нутқларини қамраб олган бўлиб, унда тиббиёт ислоҳотларини тарғиб қилганда сўзлаган нутқлари чуқур таҳлил қилинган. Ўша нутқларида Барак Обама фуқаролар агар ҳозирги тиббий суғуртасидан рози бўлишса, уни сақлаб қолиши мумкинлигини айтган. Яъни америкаликларнинг наздида, Obamacare 2010 йил 23 мартига қадар тиббий суғуртага эга бўлмаган фуқароларга татбиқ этилиши керак бўлган. Аммо у ёки бу даражада тиббий суғуртага эга бўлган америкаликлар бу қонун бўйича қарорни ўзлари қабул қилишига ишонишаётган эди.

Аммо қонуннинг айрим моддалари ҳаётга татбиқ этила бошлагач, хусусан, штатлар даражасида “суғурталар биржаси” ишлаб чиқилгач, Обаманинг «If you like your plan, you can keep it» (Тиббий суғурта режангизни ёқтирсангиз, уни сақлаб қолишингиз мумкин) деган сўзлари пуч бўлиб чиқди.

Гап шундаки, минглаб фуқаролар ўзларининг суғурта компанияларидан улар эндиликда суғурта тиббий суғурта олмасликларини ёки олган тақдирда ҳам анча паст шартлар асосида берилиши ҳақида хатлар ола бошлайди. Масалан, қўшимча тўлов ёки биринчи тўлов миқдори ошади, тақдим қилинадиган хизматлар сони эса камаяди.

Албатта, Барак Обаманинг тарафдорлари юзага келган вазиятдан фойдаланиб қолишди. Улар Obamacare’нинг самарасизлиги, ҳатто Обаманинг самимий ва ҳалоллигини шубҳа остига олган ҳолда исботлашга тушиб кетишди.

Қолаверса, улар қонун қабул қилингунга қадар тиббий суғуртага эга бўлган 50 фоиз америкаликлар суғурта полисларидан маҳрум бўлиши ҳақида бонг ура бошлашди.

Обама эса яна бир марта халқ олдида чиқиш қилиб, ўзининг ҳақлигини исботлашга уринди. Ўз нутқида Обама “Агар сиз тиббиёт ислоҳоти тўғрисидаги қонун қабул қилингунга қадар амал қилган режалардан бирини назарда тутган ёки тутаётган бўлсангиз, агар бу режа ҳақиқатда ёқса, Сиз уни бир шарт билан, яъни мазкур режа қонун қабул қилиниши билан ўзгармаган бўлса, сақлаб қолишингиз мумкин”, деб айтди.

Хўш, Обаманинг бундай мужмал сўзлари тагида қандай ҳақиқат ётибди?

Маълумки, АҚШда хусусий суғуртадан фойдаланадиган фуқаролар икки гуруҳга бўлинади: бирининг суғуртаси иш берувчи томонидан қопланади, бириники — фуқаронинг ўзи томонидан. Мана шу икки гуруҳда ҳам Obamacare қабул қилингунга қадар суғурта олганлар ва у кучга киргандан сўнг тиббий суғурта полисини харид қилганлар бор. Эътиборли жиҳати, қонун қабул қилингунга қадар ва ундан кейин пайдо бўлган суғурта полис (режа)лари ҳам бор.

Affordable Care Actга кўра, мазкур қонун кучга киргунча бўлган суғурта режаларига «grandfather plan status», яъни “фахрий” мақоми берилади. Улар қонун билан янги пайдо бўлган суғурта режаларига қўлланиладиган қаттиқ талаблардан озод қилинади. Президент айнан мана шу суғурта хизматини сақлаб қолиш мумкинлигини назарда тутиб: «If you like your plan, you can keep it» деган эди.

Иккинчи масала шундаки, Обаманинг нутқининг иккинчи қисми “агар бу режа ҳақиқатда ёқса, Сиз уни бир шарт билан, яъни мазкур режа қонун қабул қилиниши билан ўзгармаган бўлса, сақлаб қолишингиз мумкин” деган сўзига икки оғиз изоҳ. Президент ушбу ҳолатда қуйидаги сабабларни назарда тутганди:

  1. Янги қонун “фахрий” суғурта режаларига бир қатор талабларни илгари суради, тўғри, улар янги суғурта режаларига қўлланиладидандек қаттиқ эмас.  Масалан, қонунга мувофиқ, “фахрий” суғурта режаси агар фарзандлариингизда сурункали хасталиклар бўлса ҳам, уларни даволашни қоплашни рад қила олмайди. Қолаверса, мазкур суғурта режаси, агар сиз жиддий касал бўлсангиз ҳам айни пайтда 26 ёшгача фарзандларингиз (агар улар ишдан тиббий суғурта олмаса)нинг соғлиғи учун ҳам ишлатилиши мумкин.
  2. Стаж билан боғлиқ суғурта режалари эса янги рақобатчиларидан хавфсираган ҳолда аста-секин Obamacare талабларига мослашишга интилишади. Масалан, улар янги суғурта режалари каби тиббий профилактика соҳаси учун ҳам тақдим қилиниши ва сизга акушер-гинеколог ва педиатрлар хизматини кафолатлаши мумкин.
  3. Яна шу жиҳати ҳам борки, “фахрий” суғурта режалари, агар улар томонидан тақдим қилинаётган хизматлар сони қисқарса ёки қўшимча ёхуд дастлабки тўловлар миқдори сезиларли даражада оширилса, ўзларининг мақомини йўқотиши мумкин.

Шундай қилиб, Сизга қуйидаги ҳолатларда тиббий суғуртасиз қолганигиз ёки янги кўринишда олишингиз ҳақидаги хат келиши мумкин:

а) Агар сизда “фахрий” суғурта режаси бўлса-ю, лекин мазкур режа Obamacare қонуни талабига мувофиқлаштирилган бўлса;

 б) Сизда яна “фахрий” суғурта режаси бўлса-ю, у Obamacare қонунининг таъсирисиз ўзгарган, айниқса, ёмон тарафга ўзгарган бўлса;

в) Агар сизда “фахрий” суғурта режаси бўлса-ю, у ўз мақомидан маҳрум бўлган бўлса;

г) Сизнинг режангиз “фахрий” суғурта режасига алоқаси бўлмагани боис янги стандартларга мослаштириш мажбуриятидан озод қилинмаган. Шу боис ушбу режа бу талабга тўғри келмагани учун ўз ҳақиқийлигини йўқотади.

Айрим рақамлар:

Барак Обама маъмуриятига кўра, иш берувчидан тиббий суғурта олган (улар аҳолининг 49 фоизини ташкил қилади) фуқаролар бундай аҳволга тушиб қолмайди. Ўз ҳисобидан тиббий суғурта олган 12 миллион америкаликнинг бор-йўғи 5 фоизи ўзларига ёқмаган “сюрприз”га дуч келиши мумкин. Айнан улар суғурта полислари ноқонуний деб топилгани ҳақида тегишли хатларни олишади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу йилнинг 6-11 ноябрь кунлари Пенсильвания, Нью-Йорк, Флорида, Виржиния, Огайо, Нью-Жерси, Коннектикут, Айова ва Колорадода ўтказилган ижтимоий сўровга кўра, респондентларнинг 54 фоизи Барак Обаманинг фаолиятидан норози. Бу у 2008 йилда президентлик курсини эгаллаганидан бери энг қуйи кўрсаткичдир.

SHARE