Содиқ Сафоев: Ўзбекистон ОДКБга аъзолигини қайта тикламайди

    44318ic5

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ)га аъзолигини қайта тикламаслигини маълум қилди.

    «Голос России» радиоси мухбирининг 2014 йил Афғонистондан НАТО халқаро тинчликпарвар кучлари чиқиб кетгандан сўнг минтақада вазият кескинлашиши муносабати билан Ўзбекистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ)даги аъзолигини тиклаши мумкинми дегани саволига жавоб берар экан, ўтган йили Сенат «Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепциясини қабул қилгани»ни айтди.

    Сенаторга кўра, мазкур ҳужжатда мамлакат ташқи сиёсатининг асосий принциплари белгилаб берилган. Унда Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий бирлашмаларда қатнашмаслиги ҳамда икки томонлама ҳамкорликка урғу бериши қайд қилинган.

    «Хавфсизлик ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳаларида бизнинг асосий устувор йўналишимиз ўзаро, аввало, Россия билан алоқаларни ривожлантиришдир. Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолият концепциясида Россия бу соҳада устувор йўналишлардан бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Ўйлайманки, истиқболда ҳам айнан шундан келиб чиқиб иш тутамиз», деди Содиқ Сафоев.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2012 йил 19 декабрь куни Тошкент расман ОДКБдан чиқди.  Ўзбекистон Республикаси 2012 йилнинг  20 июнь ойида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти фаолиятидаги иштирокини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси Содиқ Сафоев 1954 йил 3 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. 1976 йилда Тошкент давлат университетини иқтисодчи мутахассислиги бўйича тамомлаган.

    У 1987 йилдан 1990 йилгача – Ўзбекистон КП МҚ методисти, сектор мудири. 1990 йилдан 1991 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ишлаб чиқариш кучларини ўрганиш институтида катта илмий ходим, Гарвард университети (АҚШ) стажери. 1991 йилдан 1992 йилгача – Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг халқаро иқтисодий алоқалар бўлимида етакчи консультант, бўлим мудири. 1992 йилдан 1993 йилгача – Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар вазирининг биринчи ўринбосари.

    1993 йилда – Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири. 1993 йилдан 1996 йилгача – Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, ўриндошлик асосида – Ўзбекистон Республикасининг Нидерландия ва Австриядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси. 1996 йилда – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси.

     1996 йилдан 2001 йилгача – Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, ўриндошлик асосида – Ўзбекистон Республикасининг Канададаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси. 2001 йилдан 2002 йилгача – Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари. 2002 йилдан 2003 йилгача – Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистондаги махсус вакили. 2003 йилдан 2005 йилгача – Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири. 2005 йилда – Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори.

    2005 йилдан 2009 йилгача ва ҳозирги кундаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси раиси.

    SHARE