Mezon.Uz сайти хакерлар ҳужумига учради

BZSk7NeCAAA_HFY.png-large (720-1280)

17 ноябрь куни Mezon.Uz портали хакерлар ҳужумига учради. Орадан кўп ўтмай ресурс базаси тикланган.

“Мезон” жамоаси вақтинчалик ноқулайлик учун ўз ўқувчиларидан узр сўраган.

Хакерларнинг сайт бош саҳифасида қолдирган хабарида келтирилишича, ушбу сайт Black-Spy хакерлар гуруҳи томонидан бузилган. “Биз турклар тарихимиз давомида озодлик ва мустақиллик тимсоли бўлиб келганмиз”, деган жумла қайд этилган.

Хакерлар гуруҳи бу ишга нима учун қўл уришгани ҳақида ҳеч қандай ахборот бермаган.

Жорий йилда Ўзбекистондаги бир қатор сайтлар хакерлар ҳужумига учраган эди. Мисол учун, Ўзбекистон Футбол федерациясининг расмий сайтлари Clone-Security хакерлар гуруҳи томонидан ишдан чиқарилган. Хакерлар буни Корея ва Ўзбекистон терма жамоаси ўйинларидан кейин жаҳл маъносида содир этишган. Унда “ТЖ (Терма жамоа) ЖЧ(Жаҳон чемпионати)га чиқолмапти… Ҳа, чиқа олмайдиямда”, деб қайд этилган.

Хакерлар яна Миржалол Қосимовнинг суратидан фойдаланган ҳолда “Автогол зўр чиқди-а!?”, деб қайд этишган.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон Республикасининг Озорбайжондаги элчихонаси расмий сайти хакерлар ҳужумига ҳам учраган. Хакерлар томонидан бузилган сайтда Ўзбекистон томонидан Тоғли Қорабоғни Арманистоннинг ҳудуди сифатида тан олгани ҳақидаги ахборот қолдирилган.

30 январь куни Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси расмий сайти ҳам худди шундай хакерлар ҳужумига учраган эди. Kun.uz сайтининг ёзишича, ЎзМТРК сайтига Clone-Security номли, ўзини «ўзбек хакерлик гуруҳи» деб таништирган гуруҳ ҳужум қилган. Ҳужумдан сўнг ЎзМТРК сайтида хакерлар томонидан шундай ёзув қолдирилган (лотин ёзувига асосланган ўзбек ёзувида, аслидагидек): “Sizlar xalqqa tarqatayotgan axborotlar yolg’on axborotlardir! Undan tashqari sayt umuman xavfsizlik talablariga javob bermaydi!”

SHARE