Адабиёт сохтакорлик эмас ёки Зулфия мукофотига даъвогарлар ижодига бир назар

Zulfiya2 (1)

Зулфия номидаги давлат мукофотини олиш учун сифатсиз китоб, қўлланма чоп этиш ҳоллари учрамоқда. “Бухоронома” газетасида Ситора Шамсиддинованинг ёзишича, ҳали олий таълимнинг “кўчасига кирмаган” ёшгина бир қиз бошланғич синф ўқитувчилари учун методик қўлланма ёзибди. Яна бир нечта тўпламларини чоп эттиришга улгурибди.

Муаллифнинг ёзишича, телевидение орқали кўрган бир ҳолат эътиборини тортган. Телевизорда кўрсатишича, Зебо исмли қизнинг бир нечта тўпламлари, методик қўлланмаси бор экан.

Унинг айтишича, Зебо айни пайтда яқинда бўлиб ўтадиган Зулфия номидаги давлат мукофотининг республика босқичида иштирок этиш учун қизғин тайёргарлик кўряпти.

Муаллиф бугунги кунга келиб, китоб чоп эттириш энг осон ишга айланганини, кўнглида жиндай истак, оғзида икки луқма гапи бор одам борки, чўнтагини қоқиб, китоб чиқариш пайида бўлаётганини ҳамда китоб чиқаришнинг осонлашгани яхши эканини ёзади. “Боиси, иқтидорлар, ижодкорлар, олимлар, ўқитувчилар илмларини бемалол кенг жамоатчилик билан баҳам кўрадилар. Оташин шоирлар умрбоқий шеърларини мухлисларига туҳфа эта оладилар”, дейди муаллиф.

Аммо, муаллиф бошқа жиҳатга ҳам эътибор қаратади: Ҳали ўн ёшга энди қадам қўядиган қизчаларнинг ҳам қўлида шеърий тўпламлари, насрий китоблари бор. “Мактабни тугатмай туриб, бир неча тўпламни нашр эттиришга улгурган “зўр”ларни кўриб ҳайратланганман”, дейди муаллиф.

Муаллиф ҳақиқатда 10-15 та “шеърдан” иборат тўпламни китоб деб айтишга ийманишини айтар экан, уларнинг “ичида қўлга илинадиган бирор сатр бўлмаса одамга алам қилади”, дейди.

“Адабиёт аталмиш ихлосхонани қайсидир мукофот ёки танлов кўйида топтаётган ёшларни кўриб ғашланаман. Китоб чиқаришга рухсат бераётган муҳаррирларнинг кўзи қаерда экана, дегим келади. Ўша шеърларни китоб муаллифининг ўзи ёзса ҳам бир нав. Отинг ўчгур пулни деб шеър савдоси билан шуғулланаётганлар ҳам борлиги кишини хафа қилади. Ҳолбуки, адабиёт-виждон самараси. Адабиёт сохтакорлик эмас. Уни хор этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, деб ёзади Ситора Шамсиддинова.

Балки замонамизга сўзни муқаддас билиб, уни тежаб-тергаб ишлатган сўз фидойи Абдулла Қаҳҳор етишмаётгандир. Сўзнинг юки анчайин оғирлигини уқтириш учун Ойбеку Ғафур Ғулом керакдир. Абдулла Қаҳҳор айтмоқчи: “Адабиёт — атомдан кучли. Аммо унинг кучини ўтин ёришга сарфламаслик керак”.

“Гоҳида ўйлаб қоламан. Эл суйган ижодкорлар қайсидир мукофот учун, рағбат учун ижод қилишмаган-ку. Аммо йиллар ўтса ҳам халқ ўзининг иқтидорли фарзандларини унутмайди. Бунда ортиқ эътироф йўқ, чамамда. Чинакам ижод кун келиб, албатта ўз рағбати ва қадрини топади!”, деб хулоса қилади муаллиф.

Зулфия номидаги давлат мукофоти 1999 йил 10 июнда аёлни муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш, озод ва обод юртимиз келажаги бўлган ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялашдаги беқиёс ўрнини яна бир бор эътироф этиш, баркамол, оқила хотин-қизлар авлодини вояга етказиш, улар орасидаги иқтидорли ёшларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданиятни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида Президент фармони асосида ташкил қилинган. Унга мувофиқ, ҳудудлар кесимида ҳар йили 14 нафар ёш қизлар мукофотланади.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти энг кам ойлик иш хақининг 50 баравари миқдорида тайинланади.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари бўлган мактаб, лицей, коллеж ўқувчилари танлаган йўналишлари бўйича олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларисиз қабул қилинадилар.

SHARE