Ucell “оммавий маданият”ни тарғиб қиляптими?

getImage

“Яқинда газеталардан бирини варақлаётиб, ҳайрон қолдим. «Ucell» алоқа компанияси «OK» деган янги эксклюзив тарифини реклама қилибди. Эътибор берсам, бу тариф номида бир интернет сайтига киришга чорлов бор, яъни унга уланганлар «odnoklassniki.ru» сайтидан бепул ва чекловларсиз фойдаланиши мумкин экан…”, деб ёзади Жасур Жамиров “Оила даврасида” газетасида.

Муаллиф кейинги пайтларда ёшлар маънавиятини, уларни ҳар хил ёт ғоя ва мафкуралардан асраш бўйича бот-бот гапирилаётганини ҳамда бу борада асосий эътибор ахборот-коммуникация технологиялари, хусусан, интернетдан тўғри фойдаланишга қаратилаётганини айтади.

Жасур Жамиров ёшлар ўртасида энг оммабоп сайтлар — «оdnoklassniki.ru», «Мой мир» каби ижтимоий тармоқлар, асосан, ҳаёсизлик, зўравонликни, бузғунчиликни ва бошқа шу каби иллатларни тарғиб қилувчи восита сифатида талқин қилинаётганини қайд этади.

Бугун ҳар бир одамнинг, ҳатто, мактаб ўқувчисининг ҳам қўлида мобиль телефон аппарати бор. Уларнинг аксарияти эса интернетга уланган. Қўлимиздаги бу митти матоҳ бутун дунёни кафтдек намоён қила олади. Истаган одам хоҳлаган пайтида интернетга кириб, унинг чексиз имкониятларидан фойдаланиши мумкин. Бироқ глобал «ўргимчак тўри»га «илиниб» қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

“Афсуски, интернетнинг кенг имкониятидан фақат кўнгилхушлик учун фойдаланувчилар ҳам сон-саноқсиз. Ҳатто, тарбияси сал сустроқ баъзи йигит-қизларимиз биз юқорида тилга олган сайтлару ижтимоий тармоқларга ўзининг ярим яланғоч суратларини жойлаштириб, тутуриқсиз гап-сўзлари билан «ижод» қиляпти. Кимлардир эса уларга «қулай имконият»ни, «бепул шароит»ни тақдим этяпти. Буни қандай изоҳлаш мумкин?!”, дейди муаллиф.

“оdnoklassniki.ru” сайтидан чексиз фойдаланиш имконини берувчи «OK» тарифини жорий қилгани ва уни кенг оммага реклама қилаётгани қай даражада тўғри?! Ахир бу минглаб ёшларимизнинг эътиборини тортиб, уларни биз аянчли оқибатларидан қайтаришга уринаётган чоҳга итариш, «оммавий мада­ният»га тўғридан-тўғри рағбат уйғотиш эмасми?”. Дея савол билан мурожаат қилади Жасур Жамиров.

SHARE