Ислом Каримов Валентина Матвиенко билан миграция масаласида ҳам фикр алмашган

41d4a0daab8bc626d0a3

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Россия Федерацияси Федерал кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашуви чоғида Россияга Ўзбекистондан ишчи кучини Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги орқали жалб қилишни таклиф қилган. Бу ҳақда “Вести ФМ” радиоси хабар тарқатди.

Россия парламенти юқори палатаси спикери Валентина Матвиенко Москва давлат халқаро муносабатлар институтида (МГИМО) бўлиб ўтган Федерация кенгаши ҳузуридаги интеграция клуби мажлисида қилган чиқишида Ўзбекистон раҳбари билан яқинда бўлган учрашуви ҳақида гапириб берган.

“Албатта, ноқонуний миграция Россиянинг муаммоси эканини тушунган ҳолда Ўзбекистон раҳбари ҳиссиёт ва оғриқ билан меҳнат мигрантларининг ҳақ-ҳуқуқсиз, камситилаётган ҳолати ҳақида гапирди. Хусусан, Россиянинг у ёки бу ҳудудида квоталар, мутахассислар талаб қилиниши ва уларнинг малакаси бўйича аниқ хулосага келиб олиш кераклигини ҳамда уларнинг ойлик-маоши, меҳнат шароитлари ҳақида олдиндан билиши зарурлигини айтди”, дея радио Валентина Матвиенкодан иқтибос келтиради.

Россия сенати раҳбарининг айтишича, Ислом Каримов ишчиларни вокзал ва кўчадан эмас, балки Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги орқали қабул қилиш таклифини илгари сурган. Россия парламенти юқори палатаси раҳбари бу таклифни қўллаб-қувватлашини айтиб ўтган.

Валентина Матвиенко матбуот учун ахборотида айтилишича, Ўзбекистон ва Россия ноқонуний мигрантларга қарши курашиш учун ҳамкорликда иш олиб боришга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 13 ноябрь куни Оқсаройда расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенкони қабул қилган эди.

Россияда 2013 йилнинг август ойи охирига келиб, 11 миллион нафарга яқин хорижий мамлакат фуқаролари бор. Уларнинг 2,7 миллион нафари Ўзбекистондан, 1,5 миллион нафари Украинадан, 1,2 миллион нафари Тожикистондан, 500 минг нафардан ортиғи эса Қирғизистондан ҳисобланади.

SHARE