Абдулазиз Комилов Буюк Британияга расмий ташриф билан боради

    564312-uzbekistan

    Ўзбекистон ташқи ишларв вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация шу йилнинг 20-23 ноябрь кунлари расмий ташрий билан Буюк Британияга ташриф буюради. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатди.

    Учрашув доирасида Абдулазиз Комилов Буюк Британиянинг вазирлик ва идораларида, парламентида, шунингдек, жамоатчилик доираларида музокара олиб боради.

    Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон ва Буюк Британия Афғонистон масаласида яқиндан ҳамкорлик қилиб келади. Хусусан, НАТО халқаро тинчликпарвар кучларининг Афғонистондан олиб чиқилишида Ўзбекистон транзит йўлакларидан фойдаланилмоқда.

    Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммонднинг таъкидлашича, икки давлат ўртасида имзоланган битимга кўра, британияликлар Ўзбекистон авто ва темир йўлларидан фойдаланган ҳолда ўз ҳарбий қўшин ва аслаҳаларини олиб чиқиб кетиши мумкин.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўтган йили декабрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисида маъқулланган қонунга кўра, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қўшма қироллиги ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистон ҳудудидан транзит мақсадларида фойдаланиши мумкин.

    Қонун талабларига кўра, Ўзбекистон Буюк Британиянинг Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш миссиясида иштирок этаётгани учун, шунингдек, бир қатор халқаро ҳужжатлар талаблари асосида ўз ҳаво кенгликларидан фойдаланишга рухсат берган. Шу билан бирга, Буюк Британия  ҳаво кучлари Ўзбекистон ҳудудига қўнмасдан транзит сифатида фойдаланиши керак.

    Бундан аввалроқ АҚШ ҳарбий маъмурияти Афғонистондан ўз контингентини олиб чиқиб кетиш бўйича Марказий Осиё давлатларининг аксарияти, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳам розилигини олган.  АҚШнинг Афғонистонда 46 минг ҳарбий техника, шунингдек, 100 минг контейнер юки бўлиб, унинг қиймати 49 миллиард долларни ташкил қилади.

    Буюк Британия ҳар куни Афғонистондан 80 тоннадан ортиқ ҳарбий техника ва қурол-яроғни олиб чиқишни режалаштиряпти. Юкларнинг умумий миқдори 6500 контейнерга тўғри келади. Сўнгги маълумотларга кўра, 11 йил давомида Британия контингенти Афғонистонга 2600га яқин ҳарбий техника олиб келган.