Анна Герман ҳақидаги фильм польшалик сайёҳлар сонининг кўпайишига хизмат қилди

332833298

Жорий йилда Ўзбекистонга 7500 нафар польшалик сайёҳ ташриф буюрди. Бу ҳақда “Подробно” ахборот агентлиги хабар тарқатди.

— Ўтган йили бу рақам жуда кам бўлгани учун уни эълон қилмагандик ҳам, — дейди Польшанинг Ўзбекистондаги элчихонаси бўлим бошлиғи Славомир Стшалковски. — Жорий йилда бу кўрсаткич сезиларли даражада ўсди. Туристлар нафақат турагентликлар, балки ўзлари ҳам кела бошлашди. Агар сайёҳлар сони ортадиган бўлса, биз ушбу соҳада битим имзолашни режалаштираяпмиз.

Польшалик дипломатларнинг фикрича, сайёҳлар сони ортиши бир қанча сабаблар билан боғлиқ. Аввало, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг барқарор ривожланиб бораётгани бунга йўл очаётир. Аммо энг муҳим омил, Польша элчиси Мариана Пшезьдзецкининг сўзларига кўра, польшалик режиссёр Вальдемар Кшистеканинг “Анна Герман. Оқ фаришта сири” фильмидир. Кўпсерияли мазкур фильм машҳур хонанда Анна Герман ҳаёти ҳақида бўлиб, у Россиянинг “Star Media” компанияси томонидан поляк ва рус актёрлари иштирокида суратга олинган.

Айнан шу фильм орқали жуда кўпчилик Анна Герман 1936 йили Урганчда таваллуд топганини билиб олишди. Элчининг сўзларига қараганда, Польшада Анна Герман ижодини яхши кўришади. Айнан шунинг учун аксарият польшалик сайёҳлик ўзларининг севимли хонандаси туғилган Урганчга боришга ҳаракат қилишади.

Анна Герман таниқли польшалик хонанда бўлиб, у 1960-1980 йилларда ўз ижоди билан кўпчиликнинг ёдида қолган. У рус ва поляк тилларида қўшиқ куйлаган.