Америка заминида ўзбек маҳалласи

photo 2

Нью-Йоркда замонавий маҳалла фаолиятига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлар конгресси, Хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятининг Ўзбекистон — Америка бўлими, Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ҳамда “The Bukharian Times” газетаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қуришда замонавий маҳалланинг ролига бағишланди.

Тадбирда АҚШ ва Канада Бухоро яҳудийлар конгресси президенти Борис Кандов, Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йоркдаги Бош консули Фарҳод Ҳакимов ва бошқалар таъкидлаганидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи — маҳаллалар узоқ йиллар давомида шаклланган муҳим институт бўлиб, у бошқарувнинг қуйи бўғинида одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.

Тадбирда  Хорижий мамлакатлар билан дўстлик жамиятининг Ўзбекистон — Америка бўлими раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Гулчеҳра Оҳунова “Маҳалланинг пайдо бўлиш тарихи”, Ўзбекистон “Олима” аёл олимлар ассоциацияси раиси, тарих фанлар доктори Раҳбар Муртазоева “Бағрикенглик — кўпмиллатли Ўзбекистоннинг ҳаракатлантирувчи кучи”, “Бет Гавриэль” журнали бош муҳаррири, фалсафа фанлари доктори, профессор Велиям Кандинов эса “Америка заминида ўзбек маҳалласи: ижтимоий-психологик жиҳатлари”, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг етакчи ходими Азиза Тошхўжаева “Замонавий маҳалла ривожида аёлларнинг роли”, “The Bukharian Times” газетаси бош муҳаррири Рафаэль Некталов “Самарқанднинг “Мизраҳи” Бухоро яҳудийлари маҳалласи (“Шарқ”) мусулмон Шарқида социал-маданий феномен сифатида” номли маърузалари билан қатнашди.

Муҳокамалар чоғида Bramson ORT College директори, техника фанлар доктори Эфраим Букс, юридик фанлар доктори, профессор Борис Пинхасов ва бошқалар ҳам сўз олишди.

Илмий-амалий конференцияда “Vatandosh” жамияти бошқарув кенгаши аъзолари Норхўжа Садиков ва Фароғат Зокирова иштирок этиб, жамият томонидан қилинаётган ишлар, Нью-Йоркдаги ўзбеклар жамоаси фаолиятида ҳақида сўзлаб беришди. Хусусан, очилганига кўп бўлмаган “Vatandosh” жамияти ҳамюртларимиз бошини қовуштириш, улар билан миллий қадриятларимиз, одатларимизни сақлаб қолиш, ёшларга етказиш бўйича ишлаб олиб борилаётгани қайд этилди.