Афғонистонда 2014 йилдан сўнг 15 минг нафаргача америкалик аскар қолиши мумкин

DBCE7809-1E76-4BD2-B014-5BD7E51F7042_mw1024_n_s

Афғонистон оқсоқоллар кенгаши — Лойи Жирғада Америка ҳарбийларининг 2014 йилдан сўнг қолиш-қолмаслигига оид масала кўриб чиқилмоқда.

Афғонистон президенти оқсоқоллар кенгашининг очилишида сўзлаган нутқида мамлакатда 2014 йилдан сўнг 15 мингга яқин хорижий ҳарбий хизматчилар қолиши мумкинлигини айтди. Бунинг учун парламент АҚШ билан хавфсизлик бўйича битимни ратификация қилиши талаб қилинади. Ҳамид Карзай мамлакатдаги турли миллат, элат ва қавмларнинг икки минг нафардан ортиқ вакилини битимни қўллаб-қувватлашга чақириб, ушбу ҳужжатни 2014 йил апрелида бўлиб ўтадиган сайловдан сўнг имзолашини маълум қилган. Мазкур битим 2024 йилга қадар амалга қилади.

АҚШ президенти Барак Обама Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга йўллаган мактубида Афғонистон мустақиллиги, ҳуқуқи ва анъаналарини ҳурмат қилишга ваъда берган. У, шунингдек, АҚШ ҳарбийлари афғон хонадонларига фақатгина «фавқулодда вазиятлар» пайтида киришини айтиб ўтди.

Мазкур ҳужжат муҳокамасида катта баҳсларга сабаб бўлган масала шундаки, қандай шароитларда америкалик аскарлар афғон хонадонига кириши мумкинлиги жиддий тортишувларга сабаб бўлди. АҚШ давлат котиби Жон Керрининг сўзларига кўра, битим матни Афғонистон ҳукумати билан аввалроқ келишиб олинган.

Лойи Жирға йиғилишини очар экан, Ҳамид Карзай «кун тартибида бошқа масала йўқ, ўйлайманки, бўлмайди ҳам», деб айтган. У АҚШ президенти мактубидан парча ўқиб берган. Унда қайд этилишича, америкалик ҳарбийлар аскарлар ҳаёти учун таҳдид туғдирадиган фавқулодда ҳолатлардагина афғон хонадонига кириши мумкинлиги айтиб ўтилган.

Президентнинг нутқи йиғилишга келган вакиллардан бири ҳайқириғи туфайли узилиб қолди. У америкалик аскарлар ҳаддан ташқари кўп афғон қонини тўкканини айтиб бақирди.

Ҳамид Карзай битимни қабул қилиш бир қатор муаммолар билан боғлиқлигини тан олган. Унинг сўзларига кўра, Россия, Хитой ва Ҳиндистон раҳбарияти ушбу битимни қўллаб-қувватлаган. Таҳлилчилар фикрича, оқсоқоллар кенгаши мазкур ҳужжатни маъқуллаши мумкин.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ҳафтанинг бошида ушбу битим бўйича якдил келишувга келишнинг охири кўринмаётган эди. Чунки президент Ҳамид Карзай америкаликларга ён босмай келаётган эди. Аммо чоршанба куни Жон Керри битимнинг асосий қисми келишилганини айтиб ўтди.

Керри агар ушбу битим маъқулланган тақдирда ҳам 2014 йилдан сўнг АҚШ ҳарбий контингентининг роли анча чегараланган доирада бўлишини қайд этди. «Америкалик ҳарбийлар қайта тайёрлаш, таъминот ва кўмак бериш билан шуғулланади. Аскарларимиз ҳарбий вазифаларни бажармайди. Иккитомонлама битим фақатгина ўзаро муносабатларни тартибга солади», — деди Жон Керри.

Шуни қайд этиш керакки, америкалик аскарларнинг дахлсизлиги Оқ уй учун принципиал масала ҳисобланади. Улар АҚШ аскари хизмат вазифасини бажараётган бир шароитда жавобгарликка тортилишига қарши чиқишмоқда.