“Фонд Форум” ўз фаолиятини тўхтатишга қарор қилди

fund_logo

«Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси Тошкентдаги марказий идорасининг фаолияти тугатилиши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда фонд сайтида расмий ахборот чоп этилган.

“10 йиллик фаолияти мобайнида “Фонд Форум” 3000 дан ортиқ лойиҳа ва тадбирлар ўтказди, уларнинг 100 дан ортиғи хорижда ташкил этилди. 7,5 миллиондан зиёд киши ўтган давр мобайнида жамғарма лойиҳалари томонидан қамраб олинди”, дейилади пресс-релизда.

Марказий офис фаолияти тўхтатилишига қарамай жамғарманинг барча мажбуриятлари бажарилади.

Хусусан, баёнотда келтирилишича, режалаштирилган асосий йирик тадбирлар – 35 мингдан зиёд болалар иштирокидаги «Янги авлод» болалар ижодиёти фестивали, 74 мингдан ортиқ ёш истеъдод эгаларни бирлаштирган «Келажак овози» республика иқтидорли ёшлар танлови, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 30 мингдан кўпроқ аёллар қатнашадиган «Йил аёли» республика танлови, юзлаб уста-ҳунармандлар ва сулолалар иштирокидаги «Базар-Арт» кўргазма-ярмаркаси, MTVA миллий мукофотини топшириш маросими (эстрада, кино ва театр юлдузлари), «Мехр нури» жамғармаси ҳамда Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш фонди  грант дастурлари, шунингдек, «Ҳаёт учун!» кўкрак бези саратони миллий уюшмасининг республикамиз бўйлаб ўтказиладиган бепул тиббий кўриклари амалга оширилади.

Фонд Форум ўн йиллик фаолияти мобайнида турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали миллий санъатимиз, маданиятимиз, таълим, спорт ва хайрия соҳаларини ривожлантиришга ҳисса қўшиб келганларнинг барчасига чуқур миннатдорлик изҳор этади.

«Ирода, иқтидор ва фидокорона меҳнатингиз учун барча-барчангизга миннатдорлик билдираман!», – деди Гулнора Каримова.

Пресс-релизда фонд ўз фаолиятида айрим қийинчиликларга дуч келаётгани қайд этилиб, шу ҳолатда ҳам самарали фаолият юритиш мумкинлиги айтилган. “Аммо сен ўзинг билан таваккал қилишинг мумкин, лекин ҳеч қачон сен учун қадрли бўлган инсонлар билан эмас”, дейди фаонд васийлик кенаши раиси Гулнора Каримова.