Бошингни кўтар, Ватандош!

© Рейтерс/Иван Столпников
© Рейтерс/Иван Столпников

Россиянинг Владивосток шаҳридаги туғуруқхона акушерлари тиббий суғуртаси бўлмагани учун ўзбекистонлик ҳомиладор аёлни қабул қилмагани ва натижада аёлнинг деярли кўчада кўзи ёригани маҳаллий ва халқаро матбуотда анча овоза бўлди.

Яқинда рус сайтларидан бирида шу хабарга муносабат тарзида ёзилган бир изоҳни ўқиб қолдим.

Унда бир рус аёли касалхона ходимлари тутган йўлни маъқуллаб, бу ҳақдаги қарашини қуйидаги мантиқ билан оқлаган:

“Ким билади бу аёл қаердан келяпти. Кир-чир хотин ётган туғруқхонада туғишни ўзимга эп кўрмаган бўлардим”.

Ажабо, инсон зотига нисбатан ҳам шу қадар жирканч бир муносабат бўладими? Бу миллатчиликми ёки худбинликнинг учига чиққан кўриниши?

II жаҳон уруши даврида Россиянинг турли бурчакларидан келган 15 нафар етим болани асраб олган ўзбекистонлик Шомаҳмудовлар оиласи бир кун келиб ўз фарзандлари ана шу рус ерларида хор-зор бўлишини билганида нима деган бўларди? Шу “улуғ ватан” Россия учун жонини берган минглаб ўзбек фарзандлари-чи? Сталинград, Москва шаҳарлари остонасида бўлиб ўтган қақшатқич жангларда қанча ватандошимизнинг қони оққан экан?

Афсуски, бугунги Россиянинг айрим ношукр ва нобакор фарзандлари ўзбек халқи ва бошқа шу каби кўплаб элатларнинг “тузини еб, тузлиғига тупурмоқда”…

4 ноябрь Москвада Миллий бирдамлик куни нишонланди. Миллатлар бирлиги тараннум этилиши лозим бўлган бу кун кўчалар миллатчи гуруҳлар билан тўлди. Улар “Россия руслар учун; Москва москваликлар учун! ” дея ҳайқириб, муҳожирларни мамлакатдан бадарға қилишга чақирди. Уларнинг бу “ҳукм”идан Кавказ минтақасига мансуб Россия фуқаролари ҳам четда қолмади.

Владимир Жириновский отлиқ рус сиёсатдони эса Кавказдаги оилаларга бола туғишни чеклаш таклифи билан чиқди.
“Агар бунга рози бўлишмаса, уларни сим тўрлар билан ўраб ташлаймиз”, – дея қичқирди маҳаллий телеканаллардан биридаги баҳсда иштирок этган жаноб Жириновский.

Муаммонинг сабаблари ҳар хил. Кимдир муҳожирлар орасида жиноятчилик урчиб, бундан маҳаллий аҳолининг тоқати тоқ бўлаётганини айтса, бошқа биров Кремлнинг ўзида муштумзўрларнинг тарафдори бўлган сиёсий доиралар борлигини айтади. Яна бир гуруҳ фикрига кўра эса, ҳукумат аҳолини мамлакатдаги иқтисодий-ижтимоий муаммолардан чалғитиш мақсадида атайлаб эътиборни муҳожирлар муаммосига қаратмоқда.

Россиядаги ҳукмбардорлар, хоҳ қонуний бўлсин, хоҳ ноқонуний, аввало, муҳожирларнинг ҳам инсон эканини унутмасалар яхши бўларди. Юз қиёфаси славян миллатига ўхшамагани учун одамларни тепкилаб, уриб-ўлдириб кетаётган бир тўда жиноятчиларнинг жиловини тортишга шошмаётганларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Инсон боласи, қайси давлатнинг фуқароси бўлишидан қатъи назар, бахтли бўлишга, яхши яшашни орзу қилишга ҳақли. Бу ҳуқуқни ундан тортиб олишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Демократия ва қонун устуворлиги таъминланган мамлакат номига даъвогар Россияда инсон ҳуқуқларининг бу тарзда бузилиши рус жамиятининг жиддий хасталик билан оғриётганидан далолат. Зотан, ҳукумат кескин чоралар кўрганида, ирқчилик жамиятда бу қадар ошкора тус олмаган бўларди. Россия ҳукумати, ўз фуқароси ёки хорижлик бўлишидан қатъи назар, ўз ҳудудидаги барча инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул эканини унутиб қўйгани қанчалар ачинарли.

Лекин ҳуқуқлари топталган фуқаролар, одатда, биринчи бўлиб кўмакни ўз яқинларидан кутади. Шунинг учун ватандошларимизнинг ҳуқуқий ёрдам истаб Ўзбекистон ҳукумати ва унинг хориждаги ваколатхоналарига мурожаат қилиши табиий. Шундай экан, “Vatandosh” Ўзбекистон расмийларини муҳожирлар дардига жиддий қулоқ тутишга чақиради.

Фуқароларимиз ҳам фаол бўлиб, ҳуқуқий билимларини ошириб борсалар, бундан фақат ўзларига фойда. Улар қонунчиликнинг зарур қисмларини пухта ўрганиб, ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда қаерга ва қандай тартибда шикоят қилиш лозимлигини сувдек ёд билишлари керак. Ҳуқуқий мақомлари чеклангани боис ирқий ва бошқа турдаги камситишларга рози бўлиб қолишлари асло тўғри эмас.

Шу билан бирга, Россиядаги муҳожирларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар мавжуд қонунбузарликларга қарши курашда ягона куч ва овоз бўлиб ҳаракат қилишса аъло иш бўларди. Россия федерал ҳукуматига, лозим бўлса, халқаро жамоатчиликка юз бераётган қонунбузарликлар юзасидан шикоят қилишда улар биргаликда иш олиб боришлари лозим.

Қолаверса, бошқа юртларда истиқомат қилаётган биз ўзбекистонликлар миллатчилик қурбони бўлаётган ватандошларимизга қандай ёрдам кўрсата олишимиз мумкинлиги ҳақида бош қотиришимиз керак. Масалан, Россия билан иш олиб борувчи турли давлат ва нодавлат ташкилот, муассаса ва шахсларга боғланиб, улардан муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида Россия ҳукуматига босим ўтказишни талаб қилишимиз мумкин.

Бу ишга, айниқса, нуфузли шахсларнинг жалб этилиши мақсадга мувофиқ. Алишер Усмонов каби “ўзбек эканидан фахрланадиган” ва ватанимизга алоқадор Россиянинг таъсирчан фуқаролари ҳам ташаббус кўрсатиб, фуқароларимиз шаънини ҳимоя қилишга ўз ҳиссаларини қўшса ажаб эмас, деб умид қиламиз. Чунки ҳазрати инсон эканимиз, қолаверса, барча қатори муносиб ҳурмат кўришга ҳақли бўлганимиз учун бу каби камситишларга асло йўл қўя олмаймиз.

Беҳзод МАМАДИЕВ