Чекланмаган телефон хизмати – ойига $10

Republic-wirelessАҚШнинг «Republic Wireless» алоқа компанияси ойига $5 дан $40 гача бўлган телефон хизмат пакетларини эълон қилди.  Шунингдек,  компания «Moto X» телефонини ҳеч қандай шартномасиз атиги $299 дан сотмоқда.

Хизмат ва телефон нархларининг бу қадар арзон эканининг боиси нимада?

Гап шундаки,  компания тақдим этадиган телефонлар «Wi-Fi» интернет тармоғи орқали ишлайдиган махсус технология билан жиҳозланган.  Агар телефонингиз «Wi-Fi» тармоғига уланган бўлса,  қўнғироқлар интернет орқали амалга оширилади.  Телефон интернетга уланмаган тақдирда эса,  алоқа «Sprint» телефон компанияси тармоғидан фойдаланади.

Компания тақдим этаётган $5 лик пакетни сотиб олсангиз,  барча чиқувчи ва кирувчи телефон қўнғироқларини интернет орқали амалга оширишингиз керак бўлади.  $10 лик пакетда эса,  интернет бўлмаган жойларда қўнғироқлар “Sprint” тармоғи орқали амалга ошади.  $25 лик хизматда ўз «Wi-Fi» интернетингиз бўлмаган тақдирда,  “Sprint” тармоғи орқали нафақат чекланмаган телефон қўнғироқларига,  балки “3G” тезликдаги чекланмаган интернетга ҳам эга бўласиз.  Агар ойига $40 тўлашга рози бўлсангиз,  “Sprint”дан оладиган чекланмаган интернетингиз “4G” тезликда бўлади.  Барча пакетларда кириш ва чиқиш қўнғироқлари минути чекланмаган.

SHARE