Алишер Усмоновга очиқ хат

Alisher Usmanov2
Россиялик ўзбек миллиардери Алишер Усмонов

Ҳурматли Алишер Бурханович!

Интернетдаги нашрлардан бирида Сиз билан қилинган суҳбатни ўқиб қолдим. Унда Сиз илм-фан тараққиёти, санъат ва спортни ривожлантириш мақсадида Россияда, жумладан, Ўзбекистонда махсус фондлар ташкил қилиш ниятингиз борлиги ҳақида айтибсиз. Оддий бир ватандошингиз сифатида, шунингдек, мустақил илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчи сифатида бу гапларингизни ўқиб бошим осмонга етди.

Ўзим асли тилшунос филологман. Тақдир тақозоси билан бугун тиббиёт соҳасида илмий изланиш олиб боряпман.

Мен ирсий касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганаман ва ҳозиргача олиб борган тадқиқотларим шуни кўрсатяптики, кўплаб генетик касалликларнинг олдини олиш мумкин. Аммо мен ўрганаётган бу мавзунинг муқобили бошқа бирор жойда борлиги хақида эшитмадим…

Мен Қорақалпоғистонда туғилиб ўсганман. Амударё бўйларида бир вақтлар кўҳна илм марказлари бўлганини кўпчилик билмаса керак.

Тўрткул тумани ҳудудида қадимий Қўйқирилган қалъаси бор. Бу қалъа тепалик устига қурилган бўлиб,  архитектураси жуда ғаройиб. Қалъа думалоқ, доира шаклида қурилган ва эни 8 метр қалинликдаги ҳимоя деворлари билан ўралган.

 Қўйқирилган қалъа ҳажман кичик бўлса-да, лекин бу қадар қалин деворлар билан ўралганлиги 1951 йили бу ерга экспедиция уюштирган археолог Толстов эътиборини тортган.

Аввалига, бу қалъани подшоҳ қароргоҳи деб тахмин қилган олим қалъанинг ҳажман кичиклигидан ва унинг ичида саройлар эмас, балки бир-бири билан ёнма-ён жойлашган ҳужралар қурилганидан ажабланади. Кейинроқ олимнинг аниқлашича, бу қалъа подшоҳ қароргоҳи эмас, балки илм маркази бўлган экан.

Толстовнинг аниқлашича, қалъа ўртасидаги икки қаватли бинода обсерватория бўлиб, бир-бирига ёндош хоналарда талабалар ва ўқитувчилар яшаган ҳамда бу ерда шифохона ҳам фаолият юритган.

Толстовнинг ёзишича, бу шифохонадаги беморларни даволаш осмон жисмлари – юлдузларнинг қачон ва қандай жойлашганлигига қараб белгиланган экан.

Ўзингизга маълумки, собиқ шўролар даврида Ўрта Осиё тарихини ўрганишга қизиқиш ниҳоятда паст бўлган ва табиийки, бу оламшумул кашфиёт кўпчиликнинг эътиборини ҳам тортмаган.

Мустақил бўлганимизга 21 йилдан кўп бўлди лекин, ҳали ҳануз ўзимизнинг тарихчи олимларимиз илмий меросимизнинг фақат ўзларига мақбул жойларини бўрттириб кўрсатишдан нарига ўтишмаяпти.

Бу меросни жиддий ўрганиш ва уни қайта тиклаш фурсати келди, деб ўйлайман.

Тарихдан маълумки, милоддан икки минг йиллар аввал Хоразм ҳудудида орийлар аталмиш халқ яшаган ва  бу халқдан хозирда Осиё-Европа бўйлаб ёйилган форс, славян, герман, англо-сакс ва туркийзабон халқлар тарқалган деган фараз мавжуд. Бу халқ маданияти ҳақида бизгача  “Авесто”дан бўлак бирорта аниқ маълумот етиб келмаган. Бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний ўзининг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида Искандар Зулқарнайн истилосини бунга сабаб қилиб кўрсатади. Греклар истилоси даврида орийлар маданияти ҳақидаги барча манбалар йўқ қилиб ташланган экан.

 Мен орийлар маданиятидан қолган яна бир мерос сифатида “Шарқий мучал”ни ҳам тилга олган бўлардим.

Шахсий изланишларим ва кузатувларимдан айтишим мумкинки, шарқий мучал – энг мукаммал генетик жадвалдир ва у ёрдамида ҳозирда генетика фани олдида жумбоқ бўлиб турган ўнлаб ҳолатларга жавоб топиш мумкин. Мен бу ҳақда “Соғлом авлод орзуси” номли китобимда батафсил ёзганман (Китоб ва илмий изланишларим ҳақида www.sao.uz сайтидан маълумот олишингиз мумкин).

Шарқий мучал тақвими муаллифлари, кўпчилик тахмин қилганидек, японлар ёки хитойлар эмас, балки инсониятнинг биринчи диний қўлёзмаси ’’Авесто’’ соҳиби бўлган орийлар деб ишонч билан айта оламан.

Мен тарихчи эмасман ва тарихий маълумотларни исботлаш фикридан йироқман. Генетикага оид илмий изланишларимнинг айнан ана шу шарқий мучал асосида олиб борилаётганини ва шу кунгача амалга оширган илмий тажрибаларим ҳам тиббиёт, ҳам тарих соҳасида мен олға сурган кўплаб фаразларни тасдиқлаётганини таъкидламоқчиман, холос.

Энди шу натижаларнинг кенг миқёсда тўғрилигини илмий  исботлашим учун генетиклар билан лобаратория шароитида тажриба олиб боришим лозим.

Маълумки, аёл ҳомиладор бўлгач, унинг организмида сезиларли гормонал ўзгаришлар содир бўлади. Мен бу ўзгаришлар аёлнинг эрига ҳам “юқиш”ини аниқладим.

Бундан 15 йиллар олдин “Соғлом авлод орзуси” номли қўлёзмамни китоб ҳолига келтириш учун изланишлар олиб бораётган вақтимда бир ғаройиб жумбоққа рўбарў келдим: кўпинча, ота-она организмидаги салбий ўзгаришлар фарзанд туғилгач юзага чиқар экан.

Бу каби  ҳолатларни кўплаб ирсий онкологик касалликлар билан оғриган беморлар билан суҳбатлашиш жараёнида “пайқаб” қолдим. Шунда миямга бир фикр келди. Фарзанднинг  туғилиши ижобий ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши мумкинми? Балки бундай ҳодиса сабаб, бутун дунёда глобал жумбоқ бўлиб турган наслдан-наслга ўтадиган ирсий касалликларга даво топиш мумкиндир?

Бор имкониятларимни шу йўналишдаги кузатувларга қаратдим ва юқоридаги саволларга ижобий жавоб бериш мумкинлигини аниқладим. Бу ишда ўтган замонлар ва ҳозирги даврнинг энг мукаммал генетик жадвали деб атаганим – шарқий мучалдаги йиллар ва ой кунларнинг жойлашув тартибидан тўғри фойдаланиш жумбоқнинг ечими бўлиши мумкин, деган хулосага келдим.

Масалан, мучал йилларидан қайси бирида, қайси ой ва кунида фарзанд кўриш ҳар бир оиладаги ота-она организмида турлича ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳомила йўлдошидан дори сифатида фойдаланиш минг йиллардан бери мавжуд. Лекин мен она ҳомиладор бўлгач, эрига “юқадиган” моддани топиш ниятидаман. Бунинг учун менга тажриба учун кўпи билан 90-100 оила керак бўлади.

Ўзбекистонда генларни генетик лаборатория шароитида ўрганиш имконияти йўқ. Одам генетикаси тадқиқотлари билан шуғилланувчи генетик инстутлар билан ҳамкорлик қилишим учун хорижга чиқишим керак. МДҲ давлатлари ичида ягона Москвадаги Россия Тиббиёт Фанлари Академияси ҳузуридаги академик, биология фанлари доктори Гинтер Евгений Константинович раҳбарлигидаги Генетика институтида мен истаган шароит ва имконият мавжуд. Мен узоқ йиллардан бери ана шу институтда илмий изланишларимни давом эттиришни орзу қиламан.

Муҳтарам Алишер Бурханович!

Тўрт ойдан кейин от йили бошланади. Бу йил генетиклар билан ҳамкорликда, генетик  лаборатория шароитида кузатувларимни илмий мақомда давом эттиришим учун энг қулай фурсатдир.

Менинг илмий изланишларим Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги томонидан тасдиқланган ва китоб ҳолида чоп этишга тавсия қилинган. Аммо моддий имкониятим йўқлиги боис шу пайтгача илмий изланишларимни лаборатория шароитида давом эттириш йўлини топа олмаяпман. Ўзбекистондан ҳомий топиш учун қилган ҳаракатларим ҳам натижа бермаяпти. Шу боис бу ишда кўмак сўраб Сизга мурожаат қилишни лозим топдим.

Одам лаборатория каламуши эмас, лекин айнан менга керак бўлган, фарзанд кутаётган 90-100 атрофидаги кўнгилли оилани 25 миллионлик Москва аҳолиси орасидан топишнинг имкони бор деб ўйлайман. Менга 9 ой мобайнида ҳар ой шу оилалардаги ота-оналар қонидан, сўлагидан, нажасидан ва сийдигидан ўз ихтиёри билан анализ учун намуна топширсалар бас.

Фикримча, бу оилалардаги ижобий, салбий ёки ўртача ўзгаришларга сабаб бўладиган модда, яъни гармонни топа олсак, ҳар қандай, жумладан, ирсий наслдан-наслга ўтадиган онкологик, эндокрин, руҳий ва асаб касалликларига даво топиш имконияти пайдо бўлади.

Шунингдек, шарқий мучал тақвими ёрдамида, ҳомиладорликнинг биринчи кунини тўғри бошқарган ҳолда келажак авлоднинг соғлом туғилишга эришишимиз мумкин ва ҳар бир инсон соғлом бўлиб туғилишга ҳақли ҳамда бунга ҳамиша имконият бор деб ҳисоблайман.

Мен ўзим ногиронман. Айнан ирсий касаллик оқибатида навқирон йигитлик пайтимда соғлигимни йўқотганман. Бундай ирсий касалликларнинг олдини олиш имконияти бор пайтда бошқаларнинг ҳам мен каби соғлигини йўқотишини истамайман.

Муҳтарам Алишер Бурханович!

Интернет нашрига берган суҳбатингизда менинг меросхўрим йўқ деб айтибсиз. Менимча, бундай дейишингиз тўғри эмас. Чунки Сизнинг ёрдамингизда илм оладиган, тарқатадиган ёки спорт ва санъат билан шуғулланадиган ҳар бир инсон Сизнинг меросхўрингиздир. Бу меросхўрлар Сизнинг ёрдамингиз билан эришадиган ҳар қандай муваффақиятда энг катта улуш Сизники бўлади. Бу улуш эса икки дунёда ҳам тамом бўлмайдиган, аксинча, фақат кўпайиб борадиган бойликдир.

Сизга ва оила аъзоларингизга Оллоҳнинг энг буюк инъоми – сиҳат-саломатлик тилайман.

Ҳурмат билан,

Қадамбой АТАБАЕВ

SHARE