Женевада “аср битими” имзоланди

РИА Новости
РИА Новости

Ҳафтанинг дам олиш кунлари Женевада Эрон ядровий дастури бўйича БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари ва ГФРдан иборат “олтилик”нинг музокаралари натижасида ягона тўхтамга келинди. Қарийб ўн йил мобайнида давом этган Эрон ядровий дастури бўйича музокаралардан сўнг давлатлар ушбу дастур атрофидаги босимни юмшатиш бўйича ҳаракатлар режасини ҳам тасдиқлашган.

Шуни қайд этиш керакки, гарчи бу музокараларга узоқ тайёргарлик кўрилган бўлса-да, Яқин Шарқдаги айрим давлатлар, хусусан, Исроил ва Саудия Арабистони унга қарши чиқиб келади. Хусусан, 20 ноябрь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Москвада Владимир Путин билан мулоқот олиб борди. У Москва Эронга имкон қадар кўпроқ босим ўтказиши кераклигини қайд этди.

Женевада имзоланган битим олти ойга мўлжалланган бўлиб, унга мувофиқ, Эрон ядровий дастури бўйича ён босади, халқаро ҳамжамият эса Эронга нисбатан жорий қилинган иқтисодий санкцияларни бироз юмшатади.

Масалан, Эрон учун нефть экспортига қўйилган чеклов камайтирилди, олтин ва бошқа рангли металлар экспортига ҳам чеклов қисман бекор қилинади. Расмий Теҳрон эса Эрон уранни 5 фоиздан юқори бойитишни тўхтатади, уранни бойитиш бўйича объектларни барпо этмайди, шунингдек, плутоний яратиш бўйича дастурини ривожлантиришни тўхтатади. Эрон оғирлиги 200 килограммга тенглиши айтилаётган 20 фоизгача бойитилган уранларнинг барчасини йўқ қилиши керак.

Шу билан бирга, Эрон халқаро ҳамжамият томонидан ўз ядровий дастурларининг жиддий назоратига розилик билдирди. Унга мувофиқ, МАГАТЭ инспекторлари мамлакат ядровий марказлари жойлашган Натанз ва Фордоу объектларига ҳар куни бориш ҳуқуқига эга бўлишди. Бу иншоотларда, шунингдек, сутка давомида пломбаланган кузатиш видеокамералари ўрнатилиши мумкин.

EPA
EPA

Дунё оммавий ахборот воситалари ушбу битимни “аср битими” сифатида қайд этишмоқда.

Эрон ушбу битим ижроси натижасида Ғарб мамлакатлари банкларида музлатиб қўйилган 3 миллиард доллар маблағини қайтариб олиши ҳамда халқаро санкциялар юмшатилиши натижасида қўшимча 10 миллиард доллар ишлаб олиши мумкин.

Россия ташқи ишлар вазири С. Лавровнинг фикрича, битим билан халқаро ҳамжамият Эроннинг тинчлик йўлидаги атомга эга бўлиш ҳуқуқини тан олади.

Reuters’нинг ўз манбаларига таяниб ёзишича, битимга эришишга АҚШ ва Эрон сўнгги икки ойда турли даражада махфий музокаралар олиб боргани асосий туртки берган.

Битимни АҚШ Конгрессида республикачилар партияси жиддий қаршилик билан қабул қилишди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу битимни “тарихий хато” деб атади.

Нетаньяҳунинг сўзларига кўра, ушбу келишувга эришилганидан сўнг, дунё янада хавфли бўлиб қолган. Исроил бош вазирининг қўшимча қилишича, Тель-Авив ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Теҳроннинг ҳарбий мақсадларда ядровий тадқиқотлар олиб боришига йўл қўймайди.