Мисрда Туркия бош вазирининг “овози ўчирилади”

640x392_87430_166814
Reuters

Миср Туркия билан дипломатик алоқалар даражасини туширди. Миср ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Бадр Абдул Атога кўра, Туркия элчиси мамлакатдан чиқиб кетиши керак.

“КоммерсантЪ” газетасининг ёзишича, бунга сабаб расмий Анқаранинг Мисрда тартибсизлик уюштирган ташкилотларни қўллаб-қувватлаши ҳамда Туркия бош вазири Режеп Тайип Эрдоғаннинг Мисрда ҳокимиятдан четлатилган Муҳаммад Мурсийни қўллаб-қувватлаб гапирган турли баёнотларидир.

“Биз Туркиядаги элчимизни чақириб олишга ҳамда Мисрда “персона-нон-грата” деб эълон қилинган Туркия элчисидан мамлакатни тарк этишини сўрашга қарор қилдик”, — дейди Миср ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Бадр Абдул Ато.

Унинг фикрича, Анқара жамоатчилик фикрини Миср ҳукуматига қарши қайраб, Мисрда тартибсизлик содир этган ва бунга интилаётган ҳаракатлар раҳбарлари фаолияти ва учрашувларини қўллаб-қувватлаган. Шу кундан эътиборан икки давлатда ҳам мамлакатлар манфаатларини вақтинчалик элчи-дипломатлар бажариб туради.

“Миср турк халқига ҳурмат билан муносабатда бўлади, аммо Туркия бош вазири Режеп Тайип Эрдоғаннинг баёнотларига жим қараб тура олмайди… ва буларни Миср ички ишларига аралашиш деб ҳисоблайди”, — деди Миср ташқи ишлар вазирлиги вакили.

Туркия оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Туркия ташқи ишлар вазирлиги ҳам Миср элчисини “персона-нон-грата” деб эълон қилади.