“Ватандош” жамияти диний хизматларни таклиф этади

"Ватандош" жамияти имоми Саидмахсудхон Муҳаммадхонов

Бир миллатнинг бошқа миллатлар орасида қадр-қийматга эга бўлиши унинг ўз қадриятларига эга бўлиши ва уларни том маънода қадрлаши билан бўлади.  Қадриятларга (улар миллий,  маънавий,  диний ёки ижтимоий бўлиши мумкин) оид тушунча ва таърифни бу ҳақда ёзилган мақола ва китобларга ҳавола қилиб, бу ерда, Америкада,  ватандошларимиз орасида диний қадриятлар мавзусига оид бир-икки муҳим нуқтага тўхталиб ўтмоқчиман.

Аввало,  миллий қадриятлар диний қадриятлардан (Ислом) кўра кенгроқ тушунчадир.  Мусулмонми ёки бошқами,  барча ватандошларимизни бир-бири билан узвий боғлаб турувчи умуммиллий қадриятлар мавжуд.  Ҳамюртларимиз ичидаги динсиз ёки бошқа дин вакиллари билан ана шу умумий жиҳатлар орқали боғлиқмиз.  Барчамизга қадрли бўлган ватан,  байроқ,  урф-одатларимиз,  ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик каби тушунчаларимиз бир-биримизга ҳурмат билан қарашимиз ва ўзаро қўллаб-қувватлашимиз учун етарли асослардир.

Мусулмонлар аҳолисининг кўп қисмини ташкил қилувчи давлатларда миллий қадриятларни Исломдан айри кўриб бўлмайди.  Яқин тарихда бу иккисини бир-биридан ажратишга қаратилган бир қанча тажрибалар бўлдики,  уларнинг оқибати миллий низо ва сиёсий инқироз билан якун топди.

Секуляризм (давлат институтларини диний тамойиллардан айри тутиш) фақат ғарбда,  насоро дунёсида муваффақиятга эришди,  десак муболаға қилмаган бўламиз.  Бу билан диний тамойиллар давлат бошқаруви (қонунчилик,  ижроия ва суд)  учун асос бўлиши керак,  деган фикрдан йироқман.  Лекин миллий,  демократик ва секуляр бошқарувда диний тамойилларнинг топталишига йўл қўймаслик,  балки диний қадриятларни миллий қадриятларнинг бир қисми сифатида кўриш,  назаримда,  энг тўғри йўлдир.

Дин масаласи шунчалик ҳассос мавзуга айланиб улгурганки,  бу ҳақда бирон бир лойиҳани амалга ошириш у ёқда турсин,  буни ўйлашнинг ўзи бадном бўлиб қолиш қўрқуви билан ёнма-ён туради.

Биз нега диний мавзулардан қўрқамиз? Бунга бир қанча сабаблардан иккитасини келтирмоқчиман.

Биринчидан,  диний таълим оқсаши оқибатида дин ҳақида диндан бехабарлар гапира бошлади.  Натижада динни хурофо ёки хурофони дин дегувчилар кўпайди.

Иккинчидан,  сўнгги йилларда Ислом дини сиёсий ўйинларнинг ажралмас қисмига айлантирилди.  Терроризм доим динга боғланадиган бўлди.  Террорчи дин номидан иш юритиши,  давлатлар эса террорчи билан диндорни фарқлашда қўпол хатога йўл қўйиши оқибатида оддий диндорлар орасида қўрқув кучайди.

Биз “Ватандош” жамиятида миллий қадриятларимизни асраб-авайлашни ўз олдимизга асосий мақсад қилиб қўйган эканмиз,  диний урф-одатларимизни инкор қилсак ёки уларни ҳимоя қилмасак,  фикримча,  миллий қадриятларимизга хиёнат қилган бўламиз.  Демак,  бу қадриятларни халқимизга тушунтириш,  бунга профессионал дин аҳлини,  имомларни жалб қилиш,  юртдошларимизнинг бу соҳадаги эҳтиёжини қондириш жамиятимиз кўрсатадиган хизматларнинг ажралмас қисми бўлиши зарур.

Шу эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда,  “Ватандош” жамияти АҚШда истиқомат қилувчи ҳамюртларимиз учун бошқа ижтимоий хизматлар қаторида диний хизматларни ҳам йўлга қўйганини эълон қилади.  Бугундан бошлаб жамиятимиз ақиқа,  никоҳ ўқитиш,  эҳсонлар,  жаноза ва дафн маросимлари (бу ҳақда аввалроқ батафсил хабар берган эдик) каби маракаларни диний ақида ва шариатимизга мос равишда ўтказиб беради.  Бу ишда бизга ватандошимиз имом Саидмахсудхон Муҳаммадхонов етакчилик қилади.

Саидмахсудхон домла диний таҳсилини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий ва Бухородаги Мир Араб мадрасасида олган.  2009-2012 йилларда Самарқандда Амир Ҳамза ва Исори Ўроқли жомеъ масжидларида бош имом вазифасида ишлаган.  Ҳозир Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин мавзесида яшайди.

Ватандошларимиз юқоридаги каби диний ва миллий маросимларимизни ўтказишда имом ёрдамига эҳтиёж сезса,  бу ҳақда 212-372-3050 телефон рақамига қўнғироқ қилиб маълумот қолдиришлари сўралади.


SHARE