Нега “хонтахта” фильмлар “провал” бўлмоқда?

Uzbek_Film-500x332

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар йили 50-60 та тўлиқ метражли  бадиий фильм – шуларнинг 70-80 фоизи хусусий киностудияларда – ишлаб чиқарилмоқда. Баъзи маълумотларга қараганда, ўзбек фильмлари нафақат миллий, қолаверса, қўшни мамлакатлар кино бозорига ҳам дадил кириб бормоқда.

Албатта, бу ишлаб чиқарилаётган барча кинофильмларнинг савияси ва сифати сонига яраша яхши дейишга асос бўла олмайди. Афсус билан қайд этиш лозимки, прокатга чиқарилаётган аксарият “хонтахта” фильмларнинг (шу ибора ҳам истеъмолга кириб кетди-я!)   на ижтимоий юки, на айтилмоқчи бўлган гапи – ғоясининг тайини бор. Улар маиший, яъни қайнона-келин муносабатлари, ёндим-куйдим, қўйди-чиқди сингари олди-қочди мавзуларни эшшакдай миниб олиб, томошабинга ҳеч қандай маънавий озуқа бермайдиган, аммо қаерини “қитиқлаш”ни биладиган баъзи олғир режиссёрларнинг пул ишлаш воситасига айланиб бўлди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг янги раҳбарияти иш бошлаши биланоқ бундай енгил-елпи фильмларнинг катта экранга чиқиши олдини олиш учун уларга лицензия бериш тартибини қайта кўриб чиқиб, эксперт комиссиясини тузгани сабаби шунда. Мақсад – енгил-елпи фильмларнинг катта экранга чиқиб кетиши йўлига тўсиқ қўйиш. Мақсад – томошабиннинг ортидан эргашадиган эмас, томошабинни эргаштирадиган фильмлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш.

Тўғриси айтиши керак, талабнинг бундай қаттиқ қўйилаётгани ҳаммага ҳам ёқаётгани йўқ. Ҳар йили 5-6 та енгил енги-елпи фильмларни қаторлаштириб ташлаб, уларни катта экранга олиб чиқиш учун эшик қолиб, тешикдан киришга уринаётган айрим шоввозлар энди “муомала” билан иш битмаётганини кўриб, ётиб қолганча отиб қолай деб турли жойларга шикоят қилиб, бўлар-бўлмас гапларни болалатиб юрибди.

“Хонтахтачи” режиссёрнинг ҳам, продюсернинг ҳам мақсади битта: фильмга чўнтагидан ёки ҳомийи сарфлаган пулни прокатдан чиқариб олиш. Бировнинг дидини ўлдираётгани, руҳан майиб-мажруҳ қилаётгани, ҳали суяги қотмаган бола онгида, ҳаёт қайнона билан келиннинг можаросидан иборат экан-да, деган ўта юзаки ва сохта тушунчаларни пайдо қилаётгани билан иши йўқ. Энди бундай фильмлар таъсирида ўсган боладан қандай ватанпарвар ёки юртпарвар чиқишини би-иир тасаввур қилиб кўринг.

Бозорда бировга битта брак товарни сотсангиз, эртага алданган харидор норози бўлиб, қайтариб олиб келиши, пулини қайтариб ёки ўрнига сифатлисини бермасангиз, пешонангизни уриб ёриши турган гап. Сифатсиз фильмни кўрган томошабин эса инсофли – режиссёрнинг ёқасидан олмайди, пулимни қайтариб бер, демайди. Кинодан безади.

Бугунги томошабин кечаги анойи йигит-қиз эмас. Яхши фильм билан сифатсизини ажрата бошлаяпти. Энди ҳеч бир юки йўқ, бир қолипдан кўчган ғиштга ўхшаш “тўртбурчак” фильмлар уни қониқтирмаяпти. Бунга мисол қилиб, кейинги пайтлар Алишер Навоий номидаги кино саройи репертуаридан 15-25 куннинг нари-берисида томошабин кирмаётгани учун олиб ташланаётган фильмларни келтириш мумкин.

Баъзи “хонтахтачи” режиссёрларнинг ўз ибораси билан айтганда “провал” бўлган фильмлари учун ўзидан ўпкалаш ўрнига айбни кино саройи раҳбариятига тўнкамоқчи бўлаётганини кўриб, тавба деб ёқа ушлайсан. Одамзод яхшиликни билмаса қийин экан. Томошабин ҳозиргидан соддароқ бўлган кезлар пайтлар экранга чиққан фильмлари ортидан анча-мунча пулни айнан Кино саройида ишлаб олган ўша шоввозлар бугун фильмига томошабин тушмай прокатдан олиб ташланганда ўзи қолиб, бировни  ёмонотлиқ қилишга уриняпти. Ўша аноним “хонтахтачи”ларнинг айбловлари ҳеч бир куракда турмаслигини  ҳатто ўша режиссёрнинг шикояти асосида материал тайёрлаган чет эл радиосига интервью берган кино мутахассислари ҳам исботлаб берди.

Мана режиссёр Рустам Обидовнинг  гаплари:

– Бу ерда кинозал раҳбари эмас, балки киночи айбдор. Қачонгача оилавий можаро билан томошабинни авраймиз? Камбағалдан бой бўлиб, қариндошини менсимаган одам ҳақида мингинчи кино бу. Шу келин-куëв¸ қайнана-келиндан бошқа мавзу йўқми? Бу киночининг энди шу келин-куëвлар билан бир тўшакда ëтиши қолди ўзи. Наҳотки ўзбекнинг бундан бошқа дарди йўқ? (Имлога тегилмади – Муаллиф.)

Ҳақ гап.

Унинг фильмлари “провали” ортида  Кино саройи раҳбарияти эмас, ўзининг савияси пастлиги, изланмаслиги турганини, ўзига мана бу саволларни бериб кўрмаётганини наҳотки билмаса?  Қандай қилиб, эс-ҳушини таниган режиссёр бир йилда 5-6 та тўлиқ метражли бадиий фильм олиши мумкин? У изланишга қачон вақт топади? Қачон сценарий ахтаради? Қачон янги фильмга тайёргарлик кўришга улгуради?

Кино саройида намойиш этилаётган фильмлар прокати масаласида шу соҳа мутахассислари фикрини сўраб кўрдик.

Кинопродюсер Жасур Шодмоновнинг айтишича, прокат гувоҳномаси (аудиовизуал асарларни рўйхатга олганлик давлат гувоҳномаси) олган фильмларни Кино  саройида томошабинга кўрсатиш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ.

– Лекин уларни томошабин қандай қабул қилиши бошқа масала. Баъзи ҳамкасбларимизнинг фильмига сарфлаган пулини чиқариб ололмагани учун Кино саройи раҳбариятини айблаётганини ҳеч тушуна олмаяпман. Улар кино у ёки бу фильм сеансларига томошабинни мажбурлаб кирита олмайди-ку, – деди Ж.Шодмонов.

Бу фикрга кинорежиссёр Абдувоҳид Ғаниев ҳам қўшилади:

– Мен ҳам айрим ҳамкасбларнинг прокат гувоҳномаси ололмаётгани учун “Ўзбеккино” раҳбарияти устидан, уни қўлга киритиб, киносига одам тушмаётгани учун эса Кино саройи раҳбарияти устидан шикоят қилиб, ҳар хил идораларга, чет эл радиоларига шикоят қилиб юрганини эшитдим. Инсоф билан айтганда, биз режиссёрлару продюсерлар Кино саройи раҳбарияти устидан шикоят қилиш ўрнига шунчалик шароит яратиб бергани учун раҳмат айтишимиз керак. Улар яхши, томошабоп фильмларни жон-жон деб кўрсатади, чунки фильмларимизнинг кассабоплиги уларга ҳам фойда-ку. Шу пайтгача мен томошабин кўп кўраётган бирорта фильм прокатдан олиб ташланганини эшитганим йўқ.

Кино санъати ва саноатининг ривожи кўп жиҳатдан унинг инфратузилмаси қандай экани  билан ҳам боғлиқ. 90-йилларда кинотеатрларга томошабин кирмай қўйган ва уларни ялпи хусусийлаштириш бошланганда Кино саройини сақлаб қолишнинг ўзи бўлгани йўқ. Тошкент шаҳрининг ўша пайтлар дамига ош пишадиган раҳбарларидан бири  (“Ўзбеккино”нинг, лўлидан ботир чиқса, ўз чодирига ўт қўяди, деган мақолни шиор қилиб олган ўша даврдаги раҳбарияти ҳам бундан мустасно эмас) саройни савдо марказига айлантирмоқчи бўлганида директор О.Ҳолиқовнинг бу иш нотўғри эканини исботлаш учун ойлаб, йиллаб идорама-идора югурганларини ўша “хонтахтачилар” билармикан? Обид ака ўшанда ўз манфаатини ўйлаганда ҳокимнинг таклифига рози бўлиб, ҳеч нарса ютқазмас эди. Лекин кино ютқазар эди, халқ ютқазар эди. Ҳозирги саройдан асар ҳам қолмас, у ҳам “Ипподром” ёки “Қатортол” савдо маркази қаторига қўшилар, “Хонтахтачилар”нинг фильмларини кўрсатадиган жой ҳам қолмас эди.

Кино саройи раҳбарияти нафақат уни инқироздан сақлаб қолди, қолаверса, ҳар бир ишлаб топилган сўмни ҳамма, бюджетдан қачон пул олар эканман деб оғзини очиб ўтирган вақтда янги кинозаллар қуришга, уларга жиҳозлар сотиб олишга сарфлади. Илгари фақат иккита кинозалдан иборат бўлган “Панорама” кинотеатри  бугунги кунга келиб, 10 дан ошиқ қинозали, жумладан ёзги кино томошаси майдони бор замонавий мултиплексга айланди.

– Айни пайтда Кино саройида ҳар бир фильм премьерасини ўтказиш маданий ҳаётдаги воқеага айланиб қолди. – деди кинорежиссёр ва сценарийнавис Баҳодир Одилов. – Ҳар бир режиссёр ўз фильмини ўша ерда кўрсатгиси келади. Бу табиий.  Лекин бунга эришиш осон бўлгани йўқ. Шунинг учун ўзбек томошабинини кинотеатрга қайтаришда Кино саройи директори, кинопрокат заҳматкаши Обид ака Холиқовнинг хизматлари жуда катта. Томошабинни кинозалларга қайтариш учун етарли даражада сервис ташкил этиш баробарида кино намойиши маданияти ҳам зарур эди. Бугунги кино саройида буларнинг ҳаммаси мавжуд. Яқинда “Ўзбеккино” Миллий агентлигида жорий йилнинг  9 ойлик якунларига бағишланган мажлисда республика бўйича миллий кинофильмлар прокати қониқарсиз аҳволда экани кескин танқид қилиниб, ишни ташкил қилишда Кино саройида амалга оширилаётган ишлардан ўрнак олиш зарурлиги айтилди.

Бу ҳам олди-қочди киносига томошабин топа олмаган “хонтахтачи” режиссёрнинг қуруқ туҳматларига билвосита жавоб бўлса ажаб эмас.

Эшбек Турдиев

SHARE