ГЎЗАЛ…

    go'zal 6
    Гузал Манапова фарзандлари билан

    Кунлардан бир кун синглим қўнғироқ қилиб “Опа бир  бечора аёлга   протез лозим. Тошкентга юборсам ёрдам бера оласизми? ” деб қолди.

    Тўғриси, гапини охиригача эшитмай ранжидим. Хуршидага ҳам хайронман. Опамнинг ўз иши, оиласи бор демай тинмай беморларни  пойтахтга жўнатаверади. Ёрдам беришдан-ку қочмайман, аммо  уйга болаларимнинг  олдига турли ҳолатдаги  касалларнинг келаверишидан бироз жаҳлим чиқди.

    Меҳмонхоналар қиммат . Таниши  борлар уй топади. Бетанишлар Юнусободдаги хонадонимизни қора тортиб келаверишади.

    Синглимга   протез ишлаб чиқарувчи корхонанинг  манзилини тушунтиргач, айтган одамини ўша ерда кутиб оламан дедим.

    Келишилган жойга кеч қолиб борганим етмаганидек,  Фарғонадан олти соат йўл босиб келган аёлни  оғриниб қидира бошладим. Топа олмай  синглим берган телефон рақамини тердим.

    Банд белгисини англатувчи қисқа гудоклардан қанча  асабийлашганимни айтмай қўя қолай. Тавба, касал  бўлса ўзига. Ўн беш дақиқа ҳам лақиллайдими? Мени овора қилгани етмаганидай, энди телефонини банд қилгани беписандлигими? Яна бир марта уриниб кўраман, жавоб бермаса уйга кетавераман, деб турган эдим

    -Ассалому алайкум, эшитаман…- деган ожизгина овоз келди.

    -Ваалайкум ассалом. Сизларни қидириб юрибман. Қаердасиз? Протезлаш  корхонаси қабулхонасида кутинглар дегандим-ку!

    -Вой опажон, кечиринг! Биз тушунмаган эканмиз. Онам билан бирга келган эдик. Ўша корхонанинг олдидаги касалхона қабулхонасига кирибмиз. Анча эрта келиб олибмиз-да. Иссиқроқ жой қидириб дегандай…

    Чўзилганига ҳам жаҳлим чиқди.Қўлимда эмизикли болам  билан келганим, ортиқча вақтим камлигини билдириб, бу ёққа келишларини айтиб телефонни ўчирдим.

    Йўлакдан кўз узмай уларни пойлай бошладим.

    Бир вақт қарасам, кекса бир кампир бир оёқ ва бир қўлсиз қизига елка тутиб келаяпти. Ногирон аёл ҳар сакраганида жони оғриганидан инграйди.  Улар тўғримга келишгач, мендан ёрдам кутиб келган одамлар шулар эканини билиб, мулзам бўлдим. Касалхона ва мен ўтирган жой оралиғи юз метрдан ошиқ. Мен бу масофанинг атиги ўн метрини минг азоб билан босиб ўтиш жараёнигагина гувоҳ бўлдим.

    Бир ожизага жаҳл қилганимдан ер ёрилса-ю кириб кетгулик аҳволда эдим. Уялиб улардан ҳол-аҳвол сўрар эканман,  онаизор айбдорона бош эгди:

    – Кўрмайсизми бу қайсарни, синглим. Кел опичлаб олай десам ҳеч унамайди. Мени аяйди. Уйда ҳам шу!

    Кўзимдан шашқатор ёш қуйилди.Уларни куттириб, боз устига қийнаб қўйганим учун  қандай узр сўрашни билмасдим…

    Гўзални танидим. Ҳа, танидим. Ахир у менинг ўқувчим-ку…

    Бир вақтлар мактабларнинг бирида ўзбек синфларида рус тилидан сабоқ берган эдим. Энг охирги партада ўтирувчи, қишда  юпқагина  уринган палтода  келувчи қизча ҳар доим диққатимни жалб қиларди. Айтишларича, онаси бир нечта жойда фаррошлик қилиб рўзғор тебратар, оила боқувчиси бўлмиш ота эса бир жойда ётгувчи ногирон эди.

    Ўқувчилар ичида энг чиройлиги ҳам, энг кўримсизи ҳам Гўзал эди. Сабаби эгнидаги кимлардандир қолган кийимлар бор  чиройни бўғиб турарди. Аммо саноқли аълочилардан бири бўлиб, меҳримни қозонган эди.

    Нима бўлган экан?  “Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади”деганлари тўғри эканига амин бўлиб турар эдим.

    Протез  учун қолип олишга ёрдамлашишга мени ҳам бирга киришимни илтимос қилишди. Собиқ ўқувчимга  ёрдам берар эканман, беихтиёр унинг баданидаги саноқсиз чандиқларни кўриб қолдим. Кўзим тушганларининг  ўзи ўндан ортиқ эди. Дахшат!

    Қолип олишар, аёл бўлса синиқ жилмайганича абгор ҳолатидан уялгандай ерга тикилиб турарди.

    – Дўхтир,  чап қўлим ҳам яхши ишламайди. Нерв толалари шикастланган экан. Ўнгини протезласангиз бирор нарсаларни ушлай оламанми?  Хеч бўлмаса пиёладаги чойимни ўзим ича олганимда-ку!

    Титраб кетдим. Демак иккинчи қўл ҳам ишламас экан. Нима бўлган экан ўзи?

    Марказ мутахасcиси эса бу каби саволларни эшитавериб анча совуққон бўлиб қолган чамамда, илжайиб жавоб қайтарди:

    – Нималардеяпсиз, синглим? Бу протезлар энг арзони.Сиз айтгани фақат чет элда бўлади. Ўн минг долларингиз борми ё?

    Ҳа, бировнинг дарди  бировникида! Бор йўғи ярим соат аввал ўзим ҳам  қолип олаётган мутахассис каби бефаҳмлик  қилаётган эдим-ку!

    Иш битгач, Гўзални саволга тутдим.У чуқур уҳ тортиб, бошидан ўтганларини ҳикоя қилиб берди.

    -Хайрон бўлаётгандирсиз, – деди у мени таниб. – Хабарингиз бор, мактабни ҳам базўр битирганман. Яхши ўқиганим билан, саккизинчи синфни якунлашимгагина рухсат беришди. Олий маълумотли бўлгим  келар эди. Бироқ укаларим кичкина, отам ногирон, бир онамнинг топгани билан  олти жонни боқиб бўлмаса. Заводга ишга кириб ишлаб,  оиламизга ёрдам бера бошладим.  Бировдан камроқ кийсам ҳам, аста-секин  яхши ният билан келинлигим учун сепга ҳам орттира бошладим.

    Келин ҳам бўлдим.  Аммо минг афсуски, мен покиза ниятлар билан қадам қўйган хонадон тутуми бизникадан буткул фарқ қилиб, бу ерда ҳеч ким ишлашни хоҳламас экан. Бирор жойда ёлчитиб ишламайдиган уч ўғил кекса оналарининг нафақасини талашиб  сан- манга бориб,  жанжалга чиқаришганида қўрққанимни таърифлашга тил ожиз. Янги келинчакман. Биз  ночор яшасак ҳам бир-биримизни бу қадар хақоратламас эдик.

    Ўттиз сотихча боғ инсон қўли тегмаганидан чакалакзорга айланганидан ачиндим. Менинг болалигим  тўрт қаватли уйдаги икки хоналик  хонадонда ўтган.   Атиги бир мартагина келган совчиларга розилик бериб юборган ойимни тушунгандай  бўлдим. Демак қизим кенг ховлида яйраб юрсин деган.

    Турмуш ўртоғимни алдаб-сулдаб ҳовлини обод қилишга киришдим. Чакалакни йўқотиб,  эрим билан бирга ер чопиб,баҳордан ҳар хил сабзавотлар экдик. Қайта парваришланган  дарахтлар яна хосил тугиб, шохлари ерга эгилганида қайнонамнинг дуо қилиб йиғлаганлари ёдимда…

    Хомиладорлигимда  ҳам, бирин-кетин фарзандли бўлганимда ҳам  ердан чиқмадим. Сабаби  мен ишласамгина эрим  ишларди. Касал бўлиб қолган кунларим эса эрим телевизор тагидан кетмай кино кўришдан нарига ўтмасди.  Тишимни тишимга қўйдим. Ким бўлганида ҳам фарзандларимнинг отаси! Қайнонамнинг дуосини олаяпман-ку, хали зўр яшаб кетамиз деб ўзимни овутардим.

    Бу кўпга чўзилмади. Ортган мева-чева ва сабзавотларнинг бозоридан   келган пуллар  йўқола бошлади.  Қўйган жойимиз эсимдан чиққан деб эримдан сўрасам елка қисади. Охири нонга ҳам  пулимиз қолмади. Мен-ку майли! Икки болам ва қайнонам оч ўтиришганига чидолмасдим.   Қайгадир ишга кириб олган қайинукаларим рўзғорга умуман қарашишмайди. Эрим эса  кўчадан бери келмай қолган эди.

    Бунинг сабабини ҳам тез кунда билдим. У ИЧАЁТГАН ЭКАН. Бир нарса десам, балога қоламан. Дарров хайдашга тушади. Қайнонамни-ку умуман писанд қилмайди. Шундай вақтда  кампир иззиллаб,  қоқ суяк елкалари  титраб йиғлашга тушарди:

    – Отаси бечора шуларни боқаман деб ўзини ўтга чўққа уриб, ўлиб кетди. Агар  қариганимда шунчалик хор бўлишимни билганимда у билан бирга ўлиб кетардим.  Емай едирган боламга гапим ўтмаса-я!

    Навбатдаги жанжалда эрим онасига қўл кўтаришгача борганида  болаларимнинг келажагини ўйлаб  қўрқиб кетдим. Шу жоҳил одамнинг зурриётлари ундан қандай тарбия олишяпти? Тақдир менга яна қандай қаро кунларни раво кўрар экан?

    Ичмаган кунлари хурсанд бўлиб яхши гаплар билан бу йўлдан қайтишга ундасам, ичган пайт “Ану куни ўзингча ақллилик қилиб менга нима дегандинг?”   деб калтаклашга тушарди.

    Ахийри бўлмади. Жанжаллардан болаларим ҳам тўйиб кетишган, тиқ этса чўчийдиган аҳволга келишганди. Қайнонамнинг бир неча маротаба юраклари ушлаб қолганидан қўрқиб, маҳалла оқсоқолига арз қилдим.

    Оқсоқол бизга ачинишини, аммо қўлидан ҳеч нарса келмаслигини очиқ айтиб, ички ишларга  боринг дейишдан нарёғига ўтмади.  Милицияга бормадим, сабаби нима қилса ҳам эрим. Қамаб қўйса болаларим қандай бош кўтариб юради, деб уйга қайтдим.

    Аммо шу биргина хатойим бошимга бало бўлишини билмабман. Оқсоқолга учрашганимни эшитган эрим мени аввал роса дўппослаб, сўнг фарзандларим билан  ота уйимга ташлаб келди.

    Икки ойча шундай яшадик. Баъзан қайнонамни эсласам хеч нарсага қарамай уйга шошардим. Сўнг калтак еб яна орқага….Эрим бир аёлга илакишиб қолган экан, дод войимга, ялиниб ёлборишимга қарамай мен билан ажрашди….Сўнг унга уйланди. Энди орқага йўл йўқ эди.

    Мен ишга кирдим, бироқ болаларимни боқишга барибир қўлим калталик қиларди. Алиментга берсам, ишга кириб бўлса ҳам менга ёрдам беради деган мақсадда судга мурожаат қилдим. Ўша кунни эслагим келмайди. Бунақа бўлишини билганимда ўзим бир амаллаб ўғил-қизимни боқволармидим?

    Хуллас суддан чақирув қоғозини олган эрим бўккунича ичиб, ота уйимга келди. Укаларим ишда, онам бир иш билан қаергадир кетган. Уйда тўшакка михланган отам ва икки болам  билан бирга чой ичаётган эдик.

    Унинг кўзлари қонга тўлган, кира солиб ошхонага ўтди. Қўлига илашган пичоқни олиб менга ташланди. Танамга урилаётган зарбаларнинг саноғи йўқ, бақириб ёрдамга чақира бошладим.  У кираётиб уй эшигини ичкаридан тамбалаган экан. Додларимга югуриб чиққан қўшнилар эшикни оча олмай бузишга уринишарди.   Ҳамма нарса ногирон отам ва болаларнинг кўз ўнгида содир бўлди…

    У “ Ит ҳам туғиши мумкин. Шу газандаларингни деб мени судга бердингми? Уларни ҳам сенга қўшиб ўлдирсам ҳаммангдан қутуламан! ”   деб  болаларга ташлангач, сўнгги кучларимни йиғиб уларни пана қилганим ёдимда. Қолганини эслолмайман…

    Кўзимни очганимда касалхонада эканимни англадим. Икки ҳафта кома ҳолатида ана кетади, мана кетади бўлибман. Шифокорларнингайтишича, қирқ  икки  (42!)жойидан пичоқланган одамнинг тирик қолишининг ўзи мўъжиза. Ошхона пичоғи ўтмасроқ бўлгани боис жароҳатлар унча чуқур бўлмаган. Фақатгина пичоқдаги занг туфайли энг кўп зарбага рўпара бўлган чап оёқ ва чап қўлимни кесишган экан…

    Эримга йигирма икки йил беришди. Мана саккиз ой ҳам ўтибди. Бир тийин алимент  олмадим. Қайнонам билан бирга яшай десам, кундошим ҳам ҳомиладор экан. Бўзлаб қолавердим…

    Опажон агар саккиз ой орқага қайтишнинг иложи бўлганида у номарддан умуман ёрдам сўрамаган бўлардим. Қани энди тўрт мучам соғ бўлса-ку, аввалгидек ўзим югуриб- югуриб ишлаб болаларимни боқсам.

    Гўзалнинг бошидан ўтганларини эшитиб анчагача ўзимга кела олмадим. Одамлар тирноққа  зор! Бир танишим бор,  оила қуриб фарзандлик бўла олмаган.  Ука, сингилларининг болалари ҳам болали бўлди, Аллоҳ уни фарзанддан қисди. Олтмишдан ўтган бўлса ҳам, умидини сўндирмаган . Айтишларича  яқинлари, таниш билиш, қариндош-уруғ болаларининг туғилган куни бўлса, у албатта энг зўр ўйинчоқларни кўтариб келар экан.

    – Ноумид шайтон! Дуо қил, болажоним! Яратган Эгам менга ҳам сендай қоракўзни насиб қилсин!  Ўлигимни  ўзимники  жойига қўйиб, тупроғимни тепиб- тепиб  кўмсин! ” дея дуо териб юради.

    Ўша инсонни ўйласам   ота  номига муносиб мардларнинг олди орқасини фарзандга тўлдирмайсанми Аллоҳим, дегим келади!  OНА-ОНА бўлиб одам бўла олмаганларга минг лаънат!

    Гўзал  қайта-қайта раҳмат айтар экан. Аранг қимирлайдиган ягона қўли билан қўлимни ушлашга харакат қилди:

    –          Опа, сизни ҳам қийнаб қўйдим. Мендан қайтмаса Худодан қайтсин.  Агар протез ясатиб берсангиз. Бирорта  пайнетда ишлаб бўлса ҳам фарзандларимни боқардим. Ҳеч кимга оғирлигим тушмасин дейманда!

    Уларни  уйимга олиб кетиб бир кеча меҳмон қилмоқчи эдим. Рози бўлишмади. Гўзал болаларидан хавотир олиб, узр сўради.  Собиқ ўқувчимга қараб дунёдаги энг жасур, энг гўзал аёл у бўлса керак, деган хулосага келдим.

    Хулоса

    Бечорага талонли, бепул протез ҳам насиб этмади. Аслида протез ногиронларга мутлақо бепул бўлиши керак экан. Протез ясаш корхонаси раҳбари  “Мен сизга яна анча арзонлатиб бердим. Пули йўқ бўлса, кейинги йил талон олиб келсин” деб шартномани тутқазди. Талонни туман аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўлими бериши керак экан. Телефон қилсак, “бу йилга талон йўқ. Навбатга турсин, кейинги йил кузларга берармиз” деб гўшакни қўйишди. Гўзалга қарасам кўзлари жовдираб турибди. “Мен ҳарна бўлса ҳам эртароқ протез кийиб бирорта ишга кирай деган эдим”, деб йиғлаб юборди.

    Маблағ масаласида ҳам ёрдам беришга ваъда бериб уни юпатдим. Аммо мана  уч ҳафта бўляпти-ю, керакли маблағни  топаолмадим.

    Агар имконингиз бўлса, шу аёлга ёрдам берсангиз савобга шерик бўлардингиз. Истасангиз, Тошкент шаҳар, Содиқ Азимов кўчаси 3-тупик 20-уйда жойлашган  ООО “Ортопедия Реабилитацияси” марказига мурожжат қилинг.

     Муаззам ИБРОҲИМОВА

     

    “Vatandosh” таҳририятидан: Муаззам Иброҳимова ҳикоя қилиб берган ушбу тақдирдаги аёлнинг исми Гузал Манапова. Унга ёрдам бериш мақсадида банкдан ҳисоб рақамлари очилган. Ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган саховатпеша ватандошларимиз учун қуйида ушбу банк ҳисоблари маълумотларини келтирамиз.

    National Bank for foreign economic activity of the Republic of Uzbekistan Fergana branch, BLZ 00493 acc 8900056576 N/C 20206840799465647001 Manapova Guzal

    Национальный банк г. Фергани BLZ 00493 acc 8900056576 N/C 20206840799465647001 Манапова Гузал

    Тўғридан тўғри ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлганлар +998946855019 телефон рақами орқали Муаззам Иброҳимовага боғланишлари ҳам мумкин.

    SHARE