Ўзбекистонда «Кредит-Стандарт» банки фаолияти тугатилди

    Kun.Uz/ussodesign.com
    Kun.Uz/ussodesign.com

    Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Кредит-Стандарт» очиқ акциядорлик тижорат банкидан банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати сайтида маълум қилинган.

    Хабарда келтирилишича, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 53-моддаси ва “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига асосан амалдаги банк қонунчилиги талабларини бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Марказий банки “Кредит-Стандарт” очиқ акциядорлик тижорат банкидан банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олди.

    “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 53-моддасига кўра, банклар ва уларнинг филиаллари иқтисодий нормативларни белгиловчи банкларга оид қонун ҳужжатларини бузган тақдирда, агар йўл қўйилган тартиб бузилишлари ёки банк ўтказаётган операциялар омонатчилар ва кредиторларнинг манфаатларига аниқ хавф туғдирган бўлса, Марказий банк банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни қайтариб олишга ҳақлидир.

    “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасида  Марказий банк банк тўловга қобилиятсиз бўлиб қолганида, пассивлар активлардан кўпайиб кетганида, лицензия беришга асос бўлган маълумотларнинг нотўғрилиги аниқланганда, банк ўз омонатчилари ва бошқа кредиторлари олдидаги мажбуриятларини бажаришга қодир бўлмаганида, ҳисобот маълумотлари мунтазам равишда бузиб кўрсатилганда, қонун ҳужжатларига ва лицензия шартларига зид келадиган банк операциялари амалга оширилганда, лицензия берилган пайтдан эътиборан банк операцияларини амалга ошириш бир йилдан ортиқ муддатга кечикканда, монополияга қарши қоидалар бузилганда, ички назорат қоидалари ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни махсус ваколатли давлат органига тақдим этиш тартиби бузилганда банк операцияларини амалга ошириш учун берилган лицензияни чақириб олиши мумкинлиги белгилаб қўйилган.

    Kun.Uz сайтининг ёзишича, 2012 йил декабрида «Кредит-Стандарт» банкнинг чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинган

    «Кредит-Стандарт» банки 2003 йилнинг августида фаолиятини бошлаган бўлиб, 2012 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра банк активлари миқдори 205 миллиард сўмга, акциядорлик капитали эса 46,8 миллиард сўмга етган. Банк халқаро Global Finance молия журнали томонидан Ўзбекистоннинг 2012 йилдаги энг яхши банки дея тан олинган.

    «Кредит-Стандарт», шунингдек, айнан шу журнал танловига кўра 2008, 2009 ва 2010 йилларда, Буюк Британиянинг The Banker журнали танловига кўра 2006 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши банки дея тан олинган.

    Банк сайти маълумотларига кўра, банкнинг 80 фоиз акцияси Россиянинг «Транскапитал» ва 12,17 фоиз акцияси Ўзбекистоннинг «Тотал Девелопмент» компаниясига тегишли. Қолган 7,83 фоиз акцияга ўзбекистонлик жисмоний шахслар эгалик қилишади.