Нуқтаи назар: Ўзбекистон Қирғизистонга босим ўтказишда газдан фойдаланяптими?

13125

Шу кунларда Қирғизистонда мамлакатдаги асосий газ таъминотчи — “Қирғизгаз” давлат компаниясини Россиянинг “Газпром” компаниясига тимсолий 1 АҚШ долларига сотиш масаласи кенг муҳокамадан ўтмоқда. Ушбу битим тарафдорларининг фикрича, компаниянинг Россияга берилиши мамлакат газ истеъмолчиларининг манфаатларини ҳимоялашга қаратилган чора. Эътиборли жиҳати шундаки, қирғизистонлик сиёсатчиларнинг аксарияти компаниянинг Россияга берилишида Ўзбекистон сиёсатини асос сифатида тилга олмоқда.

Масалан, депутат Азамат Арапбаевнинг айтишича, агар парламент Россия билан имзоланган битимни ратификация қилмас экан, Ўзбекистон бир тарафлама Қирғизистонга газ беришни тўхтатади. “Қолаверса, бундай уринишлар бўлган”, дейди у.

Жамоат арбоби Камалбек Аширалиевнинг айтишича, уларда имкониятлар анча чекланган. “Ҳар йили ўзбеклар бизга қандай қарашини кўрамиз. Ўзбеклар ўзларини манман тутишади, улар гўёки катта уйда яшашади, биз эса кулбада. Бизни кичкина давлат сифатида қабул қилишади”, — дейди. Унинг фикрича, Қирғизистонда қурилаётган ГЭСлар учун ҳам Ўзбекистон ушбу мамлакатга нисбатан турли чекловларни жорий қилмоқда.

Шуни айтиш керакки, Қирғизистон парламентидаги бешта фракциядан иккитаси мазкур битимни қўллаб-қувватламоқда. “Ота Макон” партияси вакиллари эса бетараф қолишган бўлса, “Ота Юрт” ва “Республика” партиялари вакиллари ҳужжатни рад қилишди. Сўнгги хабарларга кўра, Қирғизистон парламенти мазкур битимни ратификация қилган. Унга кўра, 65 нафар депутат битимни қўллаб-қувватлаган, 15 нафари эса қарши овоз берган.

Қирғизистон президенти мазкур битимни ратификация қилиш кераклигини айтиб, “Бизга “Қирғизгаз” эмас, балки газ керак”, деб таъкидлади. Депутат Акматбек Келдибековнинг айтишича, “Қирғизгаз”ни пуллаш жуда катта хато бўлади. “Биз шу кунгача газсиз яшадик, бундан кейин ҳам яшай оламиз. Агар Ўзбекистон газ беришни тўхтатса, керак бўлса, таппи қиламиз”, — деди депутат.

Мазкур битимга қаршиларнинг фикрича, мамлакатнинг бундай йирик монопол компаниясини бошқа мамлакатга ишониб топшириб бўлмайди. Бу миллий манфаатларга зиддир.

Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Қирғизистонга ҳар минг куб метр табиий газни 290 доллардан пулламоқда. Бу “Қирғизгаз” ва “Ўзтрансгаз” компаниялари ўртасида бир йилга имзоланадиган шартномалар асосида тартибга солинади. Ўзбекистон бир неча марта 1 январь куни Қирғизистонга газ етказиб беришни тўхтатган бўлса-да, бунда асосий сабаб сифатида Қирғизистон билан тегишли шартнома имзоланмаганини кўрсатиб келади. Аммо “Қирғизгаз”нинг “Газпром”га ўтиши мумкинлиги боис жорий йилда мазкур шартномани имзолашга тайёргарлик кўрилмаган. Бу борада тегишли шартнома имзоланиши эҳтимоли жуда паст.

Албатта, Қирғизистонда йирик ГЭСлар қурилиши, қолаверса, бир қатор субъектив омиллар боис Ўзбекистоннинг ушбу мамлакат билан муносабатларини яхши деб бўлмайди. Икки мамлакат ўртасидаги чегара воқеалари, қолаверса, икки давлат элчихоналари ўртасидаги турли ҳодисалар ҳам муносабатлар у даражада илиқ эмаслигини кўрсатмоқда. Лекин Ўзбекистон халқаро ва иккитомонлама шартномалар асосидаги мажбуриятларини бузмасликка ҳаракат қилади. Шунинг учун газ таъминотида Ўзбекистон турли “шантаж”ларни уюштиришдан кўп ҳам манфаатдор эмас.

Қолаверса, Қирғизистон Ўзбекистон учун ягона ёки экслюзив газ импорт қилувчи эмаслигини тўғри тушуниши керак. Чунки шу кунгача Ўзбекистон ўз газини қувурларга монополлиги боис “Газпром”га 253 доллардан сотиб келмоқда. Эътиборли  тарафи, мамлакат газ экспорти йўналишини изчил ўзгартириб боряпти.

Қолаверса, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида имзоланган Ўзбекистон – Хитой газ қувурини қуриш ва ишга тушириш тамойиллари тўғрисидаги битимга қўшимча протокол йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилишини назарда тутади. Ислом Каримов Хитойга “йилига 30 миллиард куб метр газ етказиб бериш қувватига эга тўртинчи линия қурилиши ўта катта аҳамиятга эга масала эканини” қайд этиб, “бу айрим мамлакатларнинг геосиёсий режаларига жиддий ўзгартишлар киритади”, деганда ҳам Ўзбекистон гази экспорти географияси ўзгараётганини назарда тутган бўлиши аниқ. Шу маънода, Ўзбекистон Қирғизистон бозорини йўқотиши билан катта йўқотишга учрамайди.

Яна бир ҳолат ҳам борки, табиий ресурслар бўйича бундай баҳс-мунозаралар фақат Ўзбекистон учун хос эмас. Бугунги кунда Россия ва Украина ўртасидаги баҳслар ҳам бунга далилдир. Украина бугунги кунда ҳар минг куб метр газ учун 400 АҚШ доллари миқдорида маблағ тўлашга мажбур бўлмоқда.

Қирғизистонлик сиёсатчиларнинг “Қирғизгаз”ни “Газпром”га беришда Ўзбекистонни асосий таҳдид сифатида кўришларининг боиси шундаки, аҳоли мана шу назарияга кўпроқ ишонади. Аслида “Қирғизгаз” давлат бюджетига қарам бўлган ҳамда дебитор қарзлари йиғилиб қолган, неча йилдан бери зиёнига ишлаётган компаниядир. Қирғизистонлик сиёсатчилар компанияни бошқаришда қобилиятсизликларини яшириш, қолаверса, аҳолининг миллий манфаат бўйича хавотирларига жўяли жавоб қилиш мақсадида Ўзбекистонни ёмонлаш билан яхши “очко” олишади, холос.

“Қирғизгаз”нинг “Газпром”га ўтиши билан Қирғизистондаги барча газ резервуарлари, газ қувурлари ва мамлакатдаги газ қувурлари транзити устидан Россия тўлиқ назоратни қўлга олади.

Албатта, қўшни мамлакатларнинг бугунги кундаги алоқаларини яхши деб бўлмайди. Бундай муаммолар сиёсат даражасига кўтарилмаслиги учун икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш айни муддаодир.

Мурод ҒОФУРОВ.