Қирғизистон Бош вазири Жанторо Сатибалдиев: “2009 йилдан бери Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссиясининг бирорта ҳам мажлиси ўтказилгани йўқ”

    Қирғизистон бош вазири Жанторо Сатибалдиев (чапда) ва Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Kun.Uz/Gov.Kg
    Қирғизистон бош вазири Жанторо Сатибалдиев (чапда) ва Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Kun.Uz/Gov.Kg

    28 ноябрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон бош вазирлари Шавкат Мирзиёев ва Жанторо Сатибалдиев икки томонлама ҳамкорликнинг кўплаб масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати асосланиб Kun.Uz хабар бермоқда.

    Шавкат Мирзиёев бош вазир бошчилигидаги Қирғизистон делегациясини ташриф билан қутлар экан, Ўзбекистон Қирғизистоннинг барқарор ривожланишидан манфаатдор эканлигини маълум қилди.

     «Жанторо Жўлдошевич, келинг, келишиб оламиз, бугунги учрашувимиз якунига кўра на сиз томондан, на биз томондан бирорта вазир ўзаро муносабатлар масаласини келишиб олмагунича, ҳеч қаерга кетмайди. Жорий учрашув бизга иккитомонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари фикр алмашиш ва энг муҳими – мураккаб масалалар ечимини топиш бўйича яхши имкониятдир», – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

    Ўзбекистон бош вазири учрашувга кўплаб вазирлик ва идоралар раҳбарлари таклиф этилганини қайд этди. «Чегаранинг қайд этилган қисмлари бўйича зарур ҳужжатларни имзолашдан манфаатдормиз», – деди Ўзбекистон бош вазири.

    Ўз навбатида Жанторо Сатибалдиев Қирғизистон томони ўзбек-қирғиз муносабатларининг барча жиҳатлари бўйича конструктив мулоқотга тайёр эканлигини билдирди.

    «Сўнгги вақтларда кўплаб муаммолар тўпланиб қолдики, уларни ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш керак. Қирғизистон Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият беради. Ҳукуматлараро қўшма комиссия имкониятларидан фаолроқ фойдаланишни таклиф этаман. 2009 йилдан бошлаб комиссиянинг бирорта ҳам мажлиси ўтказилгани йўқ. Биргаликда саъй-ҳаракатлар натижасида яқин вақт ичида Қирғизистон-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг навбатдаги мажлисини Бишкек шаҳрида ўтказа олишимизга ишончим комил. Ҳар доим исталган масала бўйича консенсус топиш мумкин, муҳими – мулоқотни бошлаш. Бугунги учрашувимиз ўзаро ҳамкорлигимизни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқиш учун катта умид беради», – деди Жанторо Сатибалдиев.

    Томонлар сув-энергетика, газ етказиб бериш, минерал ўғитлар масалалари, Ўзбекистон-Қирғизистон чегара пунктлари, айниқа, «Дўстук» пунктининг тўлиқ ишлатиш масалалари батафсил муҳокама қилишди.

    «Бош вазирлар ҳамкорликни ривожлантиришга халал бераётган масалаларни босқичма-босқич ҳал этишга келишиб олишди», — дейилади хабарда.

    Жанторо Сатибалдиев Шавкат Мирзиёевни исталган қулай вақтда Қирғизистонга келишга таклиф қилди.