Дмитрий Медведев Ислом Каримовга Владимир Путиннинг саломини етказди

Россия Федерацияси ҳукумати расмий сайти
Россия Федерацияси ҳукумати расмий сайти

Тошкент шаҳрида 2013 йил 29 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда иштирок этиш учун келган Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Дмитрий Медведев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов билан ҳам учрашган. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ҳукумати матбуот хизмати хабар тарқатди.

Ислом Каримов Дмитрий Медведевни ташриф билан қутлаб, президент Путин ва бутун Россия халқига ўз ҳурматини билдирди. Шундан сўнг, Ислом Каримов бугунги кунда иккитомонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш кераклиги хусусида фикр билдирди.

«Назаримда, бутун дунёда, атрофимизда шундай янги вазиятлар, янги турли шакллар яратиляптики, буни амалий фаолиятимизда ҳисобга олмасдан иложимиз йўқ. Мана шундай нуқтаи назардан, Россия биз учун стратегик шерик, иттифоқдош бўлган, ҳозир ҳам ва истиқболда ҳам шундай бўлиб қолади. Бу муносабатлар шартнома ҳужжатларимизда  мустаҳкамланган. Ўзбекистон ушбу ҳужжатлар янги мазмунлар билан бойитилиши, шубҳасиз, ижро этилиши учун барча саъй-ҳаракатларини қилади», — деди Ислом Каримов.

Дмитрий Медведев Тошкентга ташриф буюрганидан мамнун эканлигини баён қилиб, бу учрашув икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда фикр алмашиш учун айни муддао эканлигини қайд этди.

«Биз ҳақиқатда жуда яқин ҳамкорлармиз. Ҳозирги қийин, доимо ўзгариб турувчи замонда нафақат халқаро масалаларда, балки иккитомонлама ҳамкорлик, иқтисодий алоқалар соҳасида ҳам соатларни тўғрилаб олиш муҳим», — деди Россия Федерацияси ҳукумати раиси.

Д. Медведев Россия Президенти В. Путиннинг саломи ва эзгу саломларини етказди.