Эмомали Раҳмон ўғли Рустами Эмомалини Тожикистон Божхона хизмати бошлиғи этиб тайинлади

Khovar.tj
Khovar.tj

Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ўғли Рустам(и) Эмомалини Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Божхона хизмати бошлиғи этиб тайинлади. Бу лавозимда ишлаб келган Гурез Зарипов эса пенсияга чиқарилган. Бу ҳақда «Ҳовар» ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Рустами Эмомали шу пайтга қадар Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Божхона хизмати бошлиғи ўринбосари сифатида ишлаб келган.

Агентликнинг маълум қилишича, Тожикистоннинг янги ҳукуматини шакллантириш якунланган. Унга биноан, Бош вазир, унинг биринчи ўринбосари ва уч нафар ўринбосари, 14 нафар вазир, 3 қўмита раиси — жами 22 нафар мансабдор шахс юқори лавозимларга тайинланган. Ҳукумат аъзоларининг 13 нафари ёки 60 фоизи янгиланган. Ҳукумат аъзоларининг ўртача ёши 52 ёшни ташкил қилади. Бундан аввалги ҳукуматда бу кўрсаткич 56,7 ёшни ташкил қилган эди.

«Ҳукумат таркибидаги барча раҳбарлар олий маълумотга эга бўлиб, уларнинг 3 нафари фан доктори, 7 нафари фан номзоди. Олдинги таркибда бор-йўғи бир нафар фан доктори, етти нафар фан номзоди бор эди», — деб ёзади агентлик.

Янги ҳукумат таркибига икки нафар аёл ҳам кирган.

Рустам(и) Эмомали 1987 йил таваллуд топган бўлиб, мамлакатда турли лавозимларни эгаллаб келади. Турли манбалар уни мамлакатнинг навбатдаги раҳбари сифатида ҳам айтишади.

2009 йили апрель ойида у Тожикистон ёшлар иттифоқи раиси ўринбосари этиб сайланади. Декабрь ойи охирида эса Тожикистон халқ-демократик партияси қурултойида у партия ижроқўми таркибига киради (Эмомали Раҳмон яқинда бўлиб ўтган сайловларда Тожикистон халқ демократик партияси, Ёшлар иттифоқи ва Мустақил касаба уюшмалари федерацияси номзоди бўлган — Vatandosh). Ўшанда у Тожикистон инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитасида ишлар эди.

Шундан сўнг Тожикистон раҳбари ўғли халқ депутатлари Душанбе шаҳар мажлиси депутати, кейин Осий олимпия кенгаши халқаро қўмитаси аъзоси, Тожикистон футбол федерацияси вице-президенти бўлди. У асос солган “Истиқлол” жамоаси мамлакат биринчилигида бош совринни қўлга киритди. Рустам жамоада марказий ҳужумчи амплуасида ўйнарди.

2011 йилда Рустами Эмомали янги лавозимга ўтиради. У Ҳукумат қошидаги Божхона хизматининг контрабандага қарши курашиш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланади. Айни вақтнинг ўзида унга божхона майори унвони берилади.

2012 йилнинг охирида эса Рустам Тожикистон футбол федерацияси президенти этиб сайланди.