Сурия кимёвий қуролининг бир қисми АҚШ ҳарбий кемаси бортида йўқ қилинади

Cape Ray ҳарбий кемаси
Cape Ray ҳарбий кемаси

Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг хабар беришича, Сурия кимёвий қуролининг бир қисми АҚШ қуролли кучларига тегишли ҳарбий кемада йўқ қилинади. АҚШ бу учун зарур миқдорда тенология ва маблағ ажратиб беради.

BBC рус хизматининг ёзишича, кимёвий моддалар гидролиз (мураккаб моддаларнинг сув таъсирида таркибий қисмларга ажратилиши) қилинади, натижада хавфсиз даражада аралаштирилади.

Ташкилотнинг қайд этишича, Сурияда қолган кимёвий қуролларни йўқ қилишга 35 та компания қизиқиш билдирган. Ҳозирча мазкур зарарсизлантириш амалиёти ўтказиладиган денгиз кемаси номи ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ. Тахминларга кўра, бу жараён шу кунларда махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётган Cape Ray ҳарбий кемасида амалга оширилиши мумкин.

Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти хабарида келтирилишича, барча амалиёт 31 декабрга қадар тугалланиши керак.

BBCнинг ёзишича, Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотининг бундай баёноти Сурия кимёвий қуролини йўқ қилиш бўйича ишлар жадвал асосида белгиланган муддатларда якунланишини кўрсатмоқда. Сурия кимёвий қуролларини бутунлай йўқ қилиш келаси йилнинг ўртасига қадар тугаши лозим.

Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 2013 йилга келиб Россия ўз кимёвий қурол захирасининг 74 фоизини (29500 тонна), АҚШ 90 фоизини (25 минг тонна), Ливия 85 фоиз, яъни 22,3 минг тоннасини йўқ қилган. Сурия кимёвий қуроли ҳажмини минг тонна атрофида баҳоланмоқда.