Ўзбекистонда русча-ўзбекча луғат “мафкурасизлаштирилди”

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти сайти
“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти сайти

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти Ўзбекистон Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти билан ҳамкорликда “Русча-ўзбекча луғат”нинг янги нашрини чиқарди.

ЎзАнинг хабар беришича, икки жилддан иборат мазкур луғат Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйида 5000 нусхада чоп этилди ва сотувга чиқарилди.

Хабарда айтилишича, ушбу янги нашрда таржимаси совет давридаги коммунистик мафкура нуқтаи назаридан берилган кўплаб сўзларнинг, хусусан, ижтимоий-сиёсий, диний-фалсафий, тарихий, иқтисодий атамаларнинг маъноси энг сўнгги манбаларга таянган, қиёсланган ҳолда холисона изоҳланган. Ҳозирги имло амалиётидан келиб чиққан ҳолда, айрим сўзларнинг ёзилишига аниқликлар киритилган.

“Қарийб 60 минг сўз ўрин олган ушбу луғат кенг китобхонлар оммаси, жумладан, таржимонлар, муҳаррирлар, матбуот, радио ва телевидение ходимлари учун муҳим қўлланма бўлади”, — дейилади ахборотда.

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётининг расмий сайтида ёзилишича, Ўзбекистонда шу кунгача турли ҳажмдаги, турли мақсад ва йўналишдаги кўплаб икки жилдли луғатлар нашр этилган. “Буларнинг ичида 1983–1984 йилларда чиққан икки жилдли “Русча-ўзбекча луғат” ўз даврида мукаммаллиги билан китобхонлар орасида эътиборга сазовар бўлган. Бу луғат мамлакатимизда рус тилини кенг кўламда ўрганиш ишига, таржимачиликка жуда катта ҳисса қўшди.

0243540

“Орадан 30 йилдан зиёд вақт ўтиб, юқоридаги луғат ноёб, топилиши қийин нашрга айланган эди”, — деб ёзади сайт.

Муаллифлар жамоасининг маълум қилишича, луғатни шўро мафкурасини акс эттирувчи сўз ва иллюстратив материаллардан «тозалаш» зарурати муносабати билан (зеро, луғатни мафкурасизлантириш ушбу нашрнинг асосий мақсадларидан бири эди) луғатдан кўплаб луғат мақолалари ва уларга берилган мисоллар чиқарилди, уларнинг ўрнига сўнгги йилларда ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда пайдо бўлган янги тушунчаларни номловчи, рус тили луғатларидан барқарор ўрин олган тил бирликлари киритилди, шунингдек, мавжуд сўз ва терминлар янги маънолар билан бойитилди ҳозирги ўзбек тилида аниқ муқобили бўла туриб ўринсиз қўлланиб келаётган бир қатор русча ва байналмилал сўзлар мамлакатимиздаги ҳозирги тил сиёсати талаблари ва тил амалиётидан келиб чиққан ҳолда ўзбек тилида аввалдан мавжуд бўлган тегишли тил бирликлари билан алмаштирилди.

Ушбу икки жилдли «Русча-ўзбекча луғат»дан 59 140 сўз ўрин олган.

SHARE