Исландия полицияси ўз тарихида илк маротаба қурол ишлатди

1614343_20131203103802

Исландия полицияси ўз тарихида илк маротаба айбланувчини зарарсизлантириш учун қурол ишлатишга мажбур бўлди.

Euronews’нинг ёзишича, 320 минг нафар кишилик мазкур мамлакатда жиноятчилик кўлами у даражада катта эмас. Мамлакатда 600 нафарга яқин полиция вакиллари бўлиб, фақат бир неча ўн кишигина қурол тақиб юради.

Рейкьявик полицияси раҳбари махсус ташкил этилган матбуот анжуманида қурол ишлатиш полиция тарихидаги ҳеч дуч келинмаган ҳолат эканлигини айтиб, ҳалок бўлган шахс оиласига таъзия изҳор қилган.

Маълум бўлишича, ҳуқуқ-тартибот вакиллари Рейкьявикдаги шаҳарлардан бирининг 59 яшар вакили ўз хонадонидан ов милтиғида ўқ отганидан сўнг шундай кескин чорани қўллашга мажбур бўлишган.

Воқеа жойига етиб келган махсус бўлинма ходимлари ўқ отган фуқаро билан мулоқот қилишга уриниб кўришади. Бунинг иложи бўлмагач, улар уйга кўздан ёш оқизадиган газ қурилмасини улоқтирашади, аммо гумондор ўт очиб, икки нафар полиция ходимини жароҳатлайди. Оқибатда полиция вакиллари ноиложсизликдан ўт очишга мажбур бўлишади.

Ўқ отган фуқаро оғир тан жароҳати олади, касалхонага олиб борилади. Аммо тезда у ерда вафот этади.

Маълум бўлишича, ҳалок бўлган фуқаронинг психологик муаммоси бўлган. Ҳозирда экспертиза у гиёҳванд модда ёки алкоголь таъсирида бўлган ёки бўлмаганини текширмоқда.

SHARE