Ўзбекистонда барча сиёсий партиялар раҳбарлари алмашди

    034015(1)

    Ўзбекистондаги энг йирик сиёсий партия — Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик-партияси раҳбари ўзгарди. 12news.uz сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси, Ўзбекистон қаҳрамони Содиқжон Турдиев партия сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси этиб сайланган.

    Партияни 2005 йилдан бери бошқариб келаётган Муҳаммадюсуф Тешабоев ўз аризасига кўра, лавозимидан озод қилинган. У ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

    «Адолат» социал-демократик партияси раҳбариятида ўзгариш юз берди. Шу кунгача партия Сиёсий кенгаши раиси, партия Ижроия қўмитасига раислик қилиб келган Исмоил Саифназаров ўз лавозимидан озод этилган. Исмоил Саифназаров ўрнига «Адолат» социал-демократик партияси етакчиси этиб Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Наримон Умаров тайинланган.

    Бундан аввалроқ, Тошкентда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг пленумида партиянинг янги раҳбари этиб, шу пайтга қадар Андижон вилояти ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келган Хотамжон Кетмонов сайланди.

    Шу пайтгача бу лавозимда Латиф Ғуломов ишлаб келаётган эди. Эндиликда Латиф Ғуломов Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси сифатида фаолиятини давом эттиради.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Халқ демократик партияси 2005 йилда ўз дастурига ўзгартириш киритиб, «умумхалқ партияси» деган тушунчадан воз кечилди. ЎзХДП истиқболда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш йўлини танлайди. Ўша йиллари партиянинг сиёсий фракцияси парламентда ўз мухолиф партия,деб эълон қилади.

     Ўзбекистон “Миллий демократик” демократик партияси Марказий кенгаши пленуми қарори билан Сарвар Отамуродов партиянинг янги раҳбари этиб сайланди.

    Энди 40 ёшни қарши олган Сарвар Отамуродов 2009 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. У парламент қуйи палатасида Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.

    2009 йилда бўлиб ўтган сайловлар натижаларига кўра, парламентда ЎзХДПдан 32 та, ЎзЛиДеПдан 53 та, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан 31 та, «Адолат» СДП 19 та, Ўзбекистон экологик ҳаракати 15 та жой эгаллайди.

    Маълумот ўрнида, «Давлат ҳокимияти вакиллик органларига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги сайлови тўғрисида»ги Қонунга кўра, Ўзбекистон парламентига сайловлар 2014 йил декабрида, мамлакат президентлигига сайловлар эса парламент сайловларининг расмий натижалари эълон қилинганидан 90 кун ўтиб – 2015 йилда ўтказилади.