Ислом Каримов Конституцияга тузатиш киритиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади

    10558
    ЎзА

    Ислом Каримов Конституцияга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мумкинлигини маълум қилди.

    ЎзАнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда нутқ сўзлаган Ислом Каримов ривожланган демократияга эга бўлган давлатларнинг тажрибаси, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг сиёсий ва конституцион ривожланишининг мантиқий йўли “халқимиз, жамоатчилигимизнинг намояндалари бўлмиш вакиллик, депутатлик органларининг жамиятимиз ҳаётидаги роли ва аҳамиятини янада оширишни, содда қилиб айтганда, бу йўлда бошлаган ишларимизни изчил давом эттиришни талаб этаётгани”ни айтиб ўтди.

    Президентга кўра, айни шу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатаси – Сенат ҳамда қуйи – Қонунчилик палатасининг ролини янада кенгайтириш, фақатгина қабул қилинган қонунларнинг ижросини текшириш билан чегараланмасдан, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ижро органлари фаолияти устидан назоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда ҳуқуқ ва ваколатларини ошириш учун Конституцияга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.

    Ислом Каримов шулар қаторида Вазирлар Маҳкамаси ва жойлардаги ижро ҳокимиятларининг масъулиятини ошириш, Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларда уларнинг ҳисоботини мунтазам равишда эшитиш ва тегишли хулосалар чиқаришни ҳаётнинг ўзи тақозо этаётганини қайд этди.

    Президент сиёсий партиялар “демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи зарур”лигини алоҳида қайд этиб, кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш ва партиялараро рақобатни кучайтириш – биз кўзлаган демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бирига айланиши даркорлигини маълум қилди.

    Ушбу масалаларнинг барчаси 2014 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига ўтказиладиган умумхалқ сайловлари нуқтаи назаридан алоҳида долзарб аҳамият касб этади.

    Kun.Uz’нинг ёзишича, Президент  партиялар фаолиятида қатор муаммолар борлигини ҳам қайд этиб ўтди.

    «Жойларда, қишлоқлардаги аҳоли: «Бу партиянинг бу партиядан қандай фарқи бор?» деб савол берса, [партия вакиллари] аниқ жавоб бера олишмайди. Бу ҳам ҳақиқат», – деди Ислом Каримов. Шу билан бирга, партиялар орасидаги рақобат тўғри бўлиши кераклигини таъкидлаб, хорижий мамлакатлар парламентларидаги «муштлашувлар, урушишлар» каби томошалар керакмаслигини ҳам таъкидлади.

    «Ҳар қайси партия раҳбари эртага Президент бўламан, деб ҳаракат қилиши керак», – деди Ўзбекистон Президенти.