Нуқтаи назар: халқ ўз “қаҳрамонлари”ни билиши керак

Government.ru
Government.ru

Хабарингиз бор, Тошкентда 29 ноябрь, пайшанба куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 12 мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда Қозоғистон Республикаси Бош вазири С.Аҳметов, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцян, Қирғизистон Республикаси Бош вазири Ж.Сотиболдиев, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Д.Медведев, Тожикистон Республикаси Бош вазири К.Расулзода, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев, ШҲТ Бош котиби Д.Мезенцев, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Чжан Синьфэн, ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши бошқаруви ва ШҲТ Банклараро бирлашмаси кенгаши раислари иштирок этган эди.

Албатта, халқаро ҳаёт ва Ўзбекистон ташқи сиёсатини кузатиб бораётганлар ушбу саммитда нима масалалар муҳокама қилинганию қандай шартномалар имзолагани ҳақида етарлича ахборотга эга.

Каминанинг эътиборини тортган жиҳат шу бўлдики, мазкур тадбир мезбони сифатида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида бош қаҳрамонлардан бирига айланганидир. Бош вазир ОАВ вакиллари учун махсус брифинг ҳам ўтказган.

Сир эмас, Шавкат Мирзиёев бошқа ҳукумат раҳбарларидан фарқли ўлароқ маҳаллий оммавий ахборот воситаларида жуда кам чиқиш қилади, ОАВ жуда кам ҳолатларда ундан иқтибос келтирилади.

Аммо Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши жараёни қайсидир маънода бунга барҳам берди. Бош вазирнинг гарчи тўлиқ чиқишлари ва нутқлари намойиш этилмаган бўлса-да, ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари ҳукумат раҳбари ҳақида тасаввурга эга бўлди. Унинг сўзларидан иқтибослар келтирилди, турли ҳукумат раҳбарлари билан учрашувларидан фотосуратлар тақдим қилинди.

Аслида, халқ ўзи сайлаб ёки бошқа конституциявий ҳуқуқлари доирасида ваколат берган шахслар, уларнинг фаолияти ҳақида мунтазам ахборот олиб туриши лозим. Жамият ўз лидерлари, улар амалга ошираётган ишлар, мажлис ва бошқа тадбирларда сўзлаётган нутқларидан баҳраманд бўлиб бориши, бошқача айтганда, ўз “қаҳрамонлари” ҳақида ахборотга эга бўлиши ҳеч қачон салбий оқибатларга олиб келмайди.

Хўш, жамият нега ўз “қаҳрамонлари”ни билиши керак?

Биринчидан, Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат қуриш йўлини танлаган. Шу боис сайлов орқали ҳокимият органлари шакллантириладиган жамиятда, айниқса, ижро ҳокимияти мустақил иш юритадиган бир шароитда ҳукумат раҳбарларининг халқ билан ОАВ, турли тадбирлар доирасида мулоқот ўрнатиши ўта зарурдир. Бу, ўз навбатида, ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигини оширишда ҳам қўл келади.

Иккинчидан, Ўзбекистон ёш мамлакат. Энди-энди давлатчилик анъаналарини шакллантириб боряпти. Сир эмас, давлатчиликнинг энг муҳим принципларидан бири, шубҳасиз, жамиятда лидерларни тайёрлаш ва уларга халқнинг ишончини орттиришдир. Шу маънода айтганда ҳам, ОАВ орқали ҳукумат халқ ишончига кираётган, аҳоли орасида обрў орттираётган лидерларни кўрсатиб бориш керак. Бу, энг муҳими, ҳукумат олиб бораётган сиёсатининг самарасини оширади, жамиятда ижро интизоми билан боғлиқ муаммоларни тезроқ ва аниқроқ кўриш ҳамда уни ҳал қилиш учун мақбул таклифларни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Учинчидан, Ўзбекистонда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти “очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик” принципларига асосланади. Бу, аввало, Конституция талаби. Қолаверса, шу кунларда мамлакатда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси синовдан ўтмоқда. Демакки, ҳукумат мана шу қонун барча бўғинларда ва идораларда сўзсиз ижро этилишини истаса, Бош вазирнинг ўзи ўрнак бўлиши жуда муҳимдир.

Тўртинчидан, бугун интернетнинг оммалашиши, замонавий коммуникация технологияларининг ривожланиб бориши ҳам ҳукуматнинг имкон қадар кўпроқ халқнинг ёнида ёки у билан бирга бўлишни эмас, доимо унинг кўзи ўнгида бўлиб туришини тақозо қилмоқда. Чунки халқ ҳукуматни кўриб турмас экан, ҳукумат унга “гапириб” турмас экан — халқнинг нигоҳи бошқа жойга қараб кетади.

Бешинчидан, барча даражадаги ҳукумат раҳбарларининг халқ учун оммавий ахборот воситалари орқали кўриниш бериб туриши бу хоҳишга қараб бажариладиган юмуш эмас, балки халқ хизматига кирган санадан эътиборан мажбуриятга айланади.

Хулоса қилиб айтганда, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши сингари тадбирлар янада кўпайиб, ҳамюртларимиз ўз “қаҳрамонлари”нинг янги қирраларини кўришда давом этишини истаб қоламиз.

Мурод ҒОФУРОВ.