Францияда суд қамоқхонада маҳбусга ҳалол овқат беришни тайинлади

Butcher-selling-halal-mea-006

Францияда Гренобля маъмурий суди ўз қарори билан маҳаллий қамоқхона маъмуриятига мусулмон-маҳбусларни диний талаблар асосида овқатлантириш мажбуриятини юклади.

The Localнинг хабар беришича, 2013 йил март ойидан бери қамоқхонадаги маҳбуслардан бири ҳалол таом беришни сўраб келади, лекин қамоқхона директори бунга рад жавобини берган.

Суд маҳбуснинг аризасини кўриб чиқиб, унга диний таомилларга мос овқат берилишини тайинлаб, қамоқхона директорини Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенцияси талабларига зид иш тутганликда айблади.

RT’нинг ёзишича, бу Франция учун муҳим аҳамиятга масала ҳисобланади. чунки миллий ҳуқуқ тизимида бундай ҳолатга биринчи марта дуч келинмоқда.

Суд Франция қамоқхонасида сақланаётган маҳбусни диний таомиллар асосида овқатлантириш учун ҳеч қандай ортиқча ва қўшимча тўсиқ ҳамда харажатлар бўлмаслиги кераклигини тайинлади. Суд қарорига асосан қамоқхонага маҳбусни ҳалол таомлар билан таъминлаш учун уч ойлик муҳлат берилди.

Шуни қайд этиш керакки, Францияда ҳалол гўштлар масаласи анчадан бери кенг муҳокама қилиб келинади. Франция миллий фронти етакчиси Марин Ле Пен ўзининг сайловолди кампанияси пайтида парижлик гўшт таъминотчиларини мусулмонлар билан келишиб олганликда айблаганди. Унинг фикрича, дўконларда фақат ҳалол гўшт бор.

Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози эса гўшт маҳсулотларида ҳайвон қандай йўл билан сўйилганини тасдиқловчи белги қўйишни таклиф қилди. Аммо уни ҳеч ким қўллаб-қувватламади.

SHARE