Ўзбекистонлик журналист янги мусиқий телеканал савиясидан нолиди

1466276_754014601295303_1195644065_n

Шоу-бизнесни ёритишга ихтисослашган Shov-shuv.Uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроевнинг айтишича, кўпчилик “Наво” мусиқий телеканали куй-қўшиқ шинавандаларининг хуморини қондиришини ҳануз кутишмоқда. Унингча, эфирни “бўладиган” клипларга тўлдириш қийин кечмоқда.

«Наво» телеканали эфирга узатилиши бошланганида кўпчилик хурсанд бўлганди… Мусиқий телеканал куй-қўшиқ шинавандаларининг хуморини қондиришини эса ҳануз кутяпмиз. Эфирни “бўладиган” клипларга тўлдириш наҳот қийин кечмоқда? Бир соат давомида бирон таниш чеҳра чиқармикан дея кутдим… Иккинчи соатга ҳам ўтдик. Орада бир-бир чала-чулпа ижод қиладиган отарчилар кўриниш берди, яна нотаниш — ўзини ҳозирдан юлдуз санаётганларнинг тутуруқсиз видеолари бошланди. Бу не ҳол?”, — деб ёзади Жасур Ҳамроев.

Муаллифнинг ёзишича, ҳозирча ихтиёрий равишда клиплар текин намойиш этилиши ҳақидаги ёзув экран остидан вақти-вақти билан югуради. “Ихтиёрий дегани – исталган видеони тақдим этиш дегани эмас-ку? Томошабин савияси ҳақида қайғуриш учун телеканалнинг бир йил мослашишини кутамизми? Яхшиси, телеканал ижодкорлари яхшилаб мослашиб, тайёр ҳолга келганидан кейин эфирни бошлагани маъқулроқмиди?”, — дейди муаллиф.

Жасур Ҳамроев маълумотларга таяниб айтишича, эфирга клипларни жойлаштириш масаласида “Айланай” кўрсатуви (“Ёшлар” телеканали) бошловчиси масъул.

“Қизларни бўянтириш ва кийинтириш бўйича “устаси фаранг” бу журналист сифатли ва сифатсиз клипларни қай даражада фарқлай олаётганини эса эфир исботлаяпти!”, — дейди муаллиф.

Муаллифнинг фикрига кўра, бадиий кенгашга ҳали эрта бўлса, балки маслаҳат гуруҳини ташкил этиш керакдир? Ўзбек санъатида томошабин интиқ кутаётган клиплар камми? Етарли! Фақат танлаш бобида журналистнинг ўз савияси камлик қилаётгандай… Ёрдам берадиганлар наҳот топилмаяпти?

“Концертлардан парчалар қўйилмоқда. Сифат оқ-қора тасвирлардан ҳам “шарманда”: ранглар ўз чегарасини йўқотиб кетганидан хонандаларнинг кўзи қаёқда, қимирлаётган лаби қаердалигини узоқ тикилиб зўрға фарқлайсан. Янги “юдузлар”нинг на исми бор, на куйлаётган қўшиғининг номи… Айрим клипларни  томоша қилиб, овозсизмикан дея телевизор овозини баландлатишга тушдим. Йўқ, овоз чиқди, фақат нима деб куйлаётганини англаш учун анча вақт керак”, — дейди Жасур Ҳамроев.

У “Наво”чилар тез орада виждонан ўз вазифасини адо этишга киришишига умид қилиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, «Тошкент» телерадиоканали базасидаги мусиқий «Наво» ва «Ёшлар» телерадиоканали қошидаги «Кинотеатр» телеканаллари 14 ноябрь, пайшанба куни 17:00дан эфирга чиқишни бошлади.

SHARE