Абдулазиз Комилов АҚШда музокаралар ўтказади

kamilov_13032013

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси шу йилнинг 9-11 декабрь кунлари АҚШда ташриф билан бўлади.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида айтилишича, ташриф дастуридан Вашингтонда Ўзбекистон-Америка сиёсий маслаҳатлашувларининг навбатдаги босқичини ўтказиш, шунингдек, АҚШ Конгресси ва бир қатор вазирликлари вакиллари билан музокаралар ўтказиш ўрин олган.

“Ватандош” газетаси манбаларига кўра, делегация таркибида Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалар қўмитаси раиси С. Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, депутат А. Саидов ҳам бор.

Эслатиб ўтиш лозимки, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШда музокаралар олиб борган эди. Хусусан, Ўзбекистон ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари АҚШ давлат котиби Жон Керри билан учрашди.

Жон Керри, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Комилов жанобларини ташриф билан қутлаб, “биз бу ерда бугунги кундаги ўта муҳим масала хавфсизлик ва ўзаро алоқаларимиз ҳақида батафсил фикрлашиб оламиз”, — деб қайд этганди.

Унинг фикрича, Ўзбекистон Афғонистонни қайта тиклаш ишларига жуда, жуда муҳим кўмакни кўрсатмоқда ва айни пайтда ушбу мамлакатда ижтимоий инфратузилмаларни бунёд этиш, чунончи, темир йўл ётқизиш, электр энергияси билан таъминлаш ишларига Ўзбекистон фаол кўмаклашмоқда. У, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва бошқа масалаларда ҳам фикр алмашиш керак бўлишини айтиб ўтди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, ўз навбатида, илиқ қабул учун делегация номидан ташаккур билдириб, “бугунги учрашув икки давлат ўртасидаги алоқалар, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик ҳақида фикр алмашмоқчимиз”, — деб қайд этган эди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига кўра, Ўзбекистон Афғонистон муаммосига катта урғу бермоқда. “Биз АҚШ билан изчил ҳамкорлик қилиб келамиз. Биз истиқболда ҳам Афғонистон, умуман, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратамиз”, деди у жумладан.

SHARE