Ўзбекистонда Сенат амнистия эълон қилиши мумкин

senat

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида амнистия тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда 12uz.com сайти хабар тарқатди.

“Ўзбекистонлик сенаторлар шу йилнинг 12-13 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг  ўн учинчи ялпи мажлиси давомида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисидаги қарорни қабул қилиши мумкин”, — деб ёзади сайт.

Хабарда келтирилишича, Ўзбекистонда 2013 йилда афв этилган фуқаролар сони ўтган йилги ҳужжатга нисбатан 34 фоизга ўсди. Хусусан, 2012 йилги амнистия акти 68 минг 809 нафарга шахсга нисбатан қўлланилган бўлиб, улардан 42 минг 649 нафари жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинган. 26 минг 160 нафар шахснинг жазо муддати қисқартирилган.

Ўзбекистонда амнистия акти Президент тақдимномасига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан қабул қилинади.

Охирги марта Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимигa биноан, 2012 йил 5 декабрда Олий Мажлис Сенати “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарор қабул қилган.

Сенат қарорида жазога ҳукм қилинган аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатларнинг фуқароларини жазодан озод қилиш (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) назарда тутилган.

Шунингдек, Сенат қарорида эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланган.

Унда, шу билан бирга, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилиниши кўрсатиб ўтилган. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинади.

Тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинади.

SHARE