Ўзбекистонда 166 нафар фуқаро туҳмат қилгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган

Бош прокуратура © Газета.uz/Kun.uz
Бош прокуратура © Газета.uz/Kun.uz

Ўзбекистонда прокуратура органларига фуқаролар томонидан туҳмат, ҳақорат ҳамда сохта уйдирмадан иборат бўлган ариза ва шикоятлар билан ҳам мурожаат қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокутураси бўлим бошлиғи Шерзод Амировнинг «Ҳуқуқ» газетасида ёзишича, бундай мурожаатлар юзасидан мурожаат муаллифларининг ўзларига нисбатан қонунда белгиланган чоралар қўлланилмоқда. Хусусан, 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида туҳмат мазмунидаги мурожаатлар юзасидан ариза муаллифларидан 166 нафарига нисбатан МЖтК­нинг 40-моддаси билан маъмурий ишлар қўзғатилган. Жумладан, фуқаро М.Тўхлиевнинг Пастдарғом туман тиббиёт коллежи мансабдор шахслари ҳаракатидан норози бўлиб ёзган мурожаати текширилганда, ундаги важлар ўз тасдиғини топмаган. Муаллифга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, суд томонидан огоҳлантирилган.

Прокуратура ходимининг ёзишича, маъмурий жавобгарликка тортилганидан тегишли хулоса чиқармаган ҳамда оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаб, туҳмат қилган, шикоят қилишни ўзига касб қилиб олган 10 нафар шахсга нисбатан эса ЖКнинг 139-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган. Масалан, фуқаро Ч.Тожиевнинг Термиз шаҳар бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори О.Мамадалиевнинг 2012 йил январь ва февраль ойларида бир қанча фуқаролардан пул олиб ишга жойлаштирганлиги ҳақидаги мурожаати текширилганда, аризадаги важлар ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли муаллифга нисбатан ЖКнинг 139-моддаси 3-қис­ми билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.

Қайд этилишича, прокуратура органлари томонидан 2013 йилнинг 9 ойи мобайнида фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини қонун доирасида тиклаш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Келиб тушган мурожаатларнинг 47 мингдан ортиғи прокуратура органларида ҳал этилиб, қарийб 10 минг­га яқин шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари прокурор назорати ҳужжатлари қўллаган ҳолда тикланди.

SHARE