Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасида визасиз тизим жорий қилиниши мумкин

 REUTERS/Hamad  Mohammed
REUTERS

Европа Иттифоқи Молдавиядан сўнг Туркия фуқароларига визасиз тизимни тақдим қилиши мумкин. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Европа Иттифоқи келгуси уч йилда Анқарага нисбатан виза чекловларини бекор қилиши мумкин. Кейинги ҳафта томонлар реадмиссия тўғрисидаги битимни имзолашади. Унга мувофиқ, Анқара Туркия ҳудуди орқали Европа Иттифоқи ҳудудига ноқонуний кирган 1000 нафар мигрантни қайтариб юбориши керак бўлади.

Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғли мазкур битимни имзолаш билан Туркия ҳудуди орқали Европа Иттифоқига ноқонуний киришга интилган 1000 мигрантларни қабул қилиб олишга тайёрлигини маълум қилган. Айнан мана шу битимдан сўнг Туркия бир неча йиллардан бери самарасиз интилиб келаётган визасиз режимни жорий қилишда аниқ қадамлар ташланиши мумкин.

Ўтган ҳафта Брюсселга сафар уюштирган Туркия ташқи ишлар маҳкамаси раҳбари Аҳмет Довутўғли «Туркия ва Европа Иттифоқи муносабатларида янги давр бошланган»ини қайд этди. Еврокомиссар Штефан Фюленинг қайд этишича, Туркия фуқаролари учун виза тизимини бекор қилиш жараёни уч йилдан сўнг якунланади, «Эҳтимол, бундан аввалроқ ҳамдир», — деди еврокомиссар.

Ўтган ҳафта Брюсселда бўлиб ўтган мулоқот чоғида Туркиянинг Европа Иттифоқига кириши масаласи ҳам кўтарилди. Эслатиб ўтиш жоизки, Гези истироҳат боғидаги намойишчиларнинг куч ишлатиш йўли билан тарқатилишига жавобан Европа Иттифоқи ушбу жараённи 4 ойга музлатиб қўйган эди. Шундан сўнг орага совуқчилик тушиб, расмий Анқара ҳам, Брюссель ҳам мазкур масалада музокаралар келажагига ишонмай қўйди.

Аммо орадан бир ой ўтмай вазият Туркия фойдасига ўзгарди. Европа Иттифоқини кенгайтириш бўйича Европа Комиссияси ҳисоботида Анқарани музокараларни қайта бошлашга чақиришди. Экспертларнинг фикрича, Туркия учун визасиз тизимнинг жорий қилинишини Туркиянинг Европа Иттифоқига кириш йўлидаги ҳаракат сифатида баҳолаб бўлмайди.