Туркманистонда қўшпартияли сайловлар бўлиб ўтди

vestikavkaza.ru
vestikavkaza.ru

Туркманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Туркманистон марказий сайлов комиссиясига асосланиб Туркманистон давлат хабарлар агентлигининг маълум қилишича, сайловларда рўйхатга олинган сайловчиларнинг 91,3 фоизи иштирок этган.

ИТАР-ТАССнинг ёзишича, 50+1 фоиз чегараси босиб ўтилгани боис сайловларни бўлиб ўтган, деб ҳисоблаш мумкин.

Шуни қайд этиш керакки, Туркманистон мустақиллиги тарихида биринчи марта сайловлар иккипартиялик тизимида бўлиб ўтди. Янги тизимга кўра, унда 1991 йилда асос солинган Туркманистон демократик партияси ҳамда 2012 йилда ташкил этилган Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси иштирок этди. Уларнинг иккаласи ҳам мухолиф партия ҳисобланмайди, тўлиқ давлат раҳбари сиёсатини қўллаб-қувватлашади.

“Туркманистон демократик партияси ҳамда Туркманистон саноатчилар ва тадбиркорлар партияси сайловолди дастурий мақсади мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг илғор марраларини забт этиш, мустақиллик ҳамда демократик асосларини мустаҳкамлашда ягонадир”, — дейилади сайловолди анонсларида.

Туркманистонда бўлиб ўтган сайловларнинг яна бир жиҳати унда ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқи бўйича бюроси кузатувчилар миссияси қатнашаётганидир. Жорий йилги сайловларни ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси аъзолари ҳам кузатиб боришди.

Туркманистон парламенти — Мажлис олий қонун чиқарувчи орган бўлиб, унга 125 нафар депутат беш йил муддатга сайланади. Мажлис умумхалқ референдуми, учдан икки қисм депутатлар қарори ёки президент фармони билан тарқатиб юборилиши мумкин.